Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган йиғилишда партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари ҳамда маҳаллий партия ташкилотлари фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов маъруза қилди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган тараққиёт стратегияси Ўзбекистон Республикасини бешта устивор йўналишлар бўйича ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши натижаларининг мустаҳкам асосига суянади.
– Ўтган беш йил мобайнида давр талаб этган ижобий ўзгаришларнинг амалга оширилиши доимий хусусият касб этди. Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бўлган қийинчиликларга қарамай, иқтисодиётнинг барқарор ўсиши таъминланмоқда. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Аҳоли бандлигини, уни кафолатланган даромад манбалари, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш масалаларининг ҳал этилиши сифат жиҳатдан янги поғонага кўтарилди.
Ижтимоий-сиёсий тизимни ривожлантириш соҳасида ҳам чуқур сифат ўзгаришлари кузатилмоқда. Давлат идораларининг очиқлиги кенгайтирилмоқда, давлатнинг халқ билан мулоқотининг самарали механизмлари татбиқ этиляпти. Бу масалаларда фуқаролик жамияти институтларининг роли тобора ортиб бормоқда, – деди партия етакчиси.
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун барча шароитлар яратилгани қайд этган ҳолда, йиғилиш иштирокчилари таклиф этилаёган тараққиёт стратегияси асосига қўйилган “Инсон қадр-қиммати жамият ва инсонпарвар давлатнинг энг муҳим устувор тамойили” ғоясини якдиллик билан қўллаб-қувватладилар.
Якдиллик билан эътироф этилганидек, Стратегиядаги устувор йўналишларнинг биринчиси – Инсон қадр–қимматини улуғлаш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш асосида инсонпарвар давлат тузиш номли устувор йўналишини ҳаётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Бу мақсадларга эришиш аҳолининг фуқаролик фаоллиги ортиши, давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Хусусан, маҳаллани жамият бошқаруви ва назоратининг таянч нуқтасига айлантириш, халқ депутатлари Кенгашларининг вилоятларни ривожлантириш масалаларини ҳал этишдаги ролини ошириш ҳамда давлат бошқаруви тизимининг натижадорлигини ошириш, унинг фаолиятини “фуқароларга хизмат қилиш” тамойили асосида ўзгартириш каби вазифалар, биринчи навбатда ушбу мақсадларга йўналтирилган.
– Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг барча соҳалардаги мавжуд муаммоларни ечиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, қабул қилинган қонунларнинг амалда сўзсиз ва тўлақонли бажарилишини таъминлашда парламентнинг иштирокини кенгайтириш каби масалалар ҳам долзарб муаммолардан ҳисобланади.
Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устувор йўналиши сифатида пария адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини мамлакатни ривожлантиришнинг асосий ва зарурий шартларига айлантириш, шунингдек, инсон қадр-қимматини ушбу устувор йўналишни амалга оширишда асосий мезон сифатида белгилаш борасидаги таклифларни мутлақо қўллаб-қувватлайди.
Муҳокама давомида Тараққиёт стратегиясининг учинчи устувор йўналиши – миллий иқтисодиётнинг ривожланиши ва ўсиш суръатларини замонавий талаблар даражасида таъминлаш, белгиланаётган ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам иқтисодий пойдевор яратиши лозимли таъкидланди. Бунда асосий ишлаб чиқариш соҳалари – мамлакатнинг эҳтиёжларини тўлиқ қондирадиган юқори технологияли саноат ишлаб чиқариши, замонавий қишлоқ хўжалиги, самарали энергетика соҳаси каби тармоқларни ривожлантириш ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишнинг энг муҳим омили ҳисобланади, – деб таъкидлади У.Иноятов.
Йиғилиш иштирокчилари тўртинчи устувор йўналиш – адолатли ижтимоий сиёсати олиб бориш ва инсон капиталини ривожлантириш ғоясининг долзарблигини ва у ўз вақтида қабул қилинганини қайд этдилар. Ушбу йўналишда таълим тизимини такомиллаштириш ва унинг аҳоли учун очиқлиги, бирламчи тиббий-санитария хизматида аҳолига малакали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатлар билан таъминлаш мақсадлари асосий вазифалар сифатида белгилаб олингани партиянинг асосий электорати бўлган, давлат ва жамиятнинг ишончли ёрдамига муҳтож бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг ижтимоий манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларига тўлиқ жавоб беради.
Йиғилишда, шунингдек, Стратегиянинг “Янги Ўзбекистон - маърифатли жамият” Концепцияси асосида маънавий ривожланишни таъминлаш, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умуминсоний муаммоларни ҳал қилиш, мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат юритиш каби илгари сурилган мақсадли вазифалари ҳам маъқулланди.
Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан Қорақалпоғистон республика партия кенгаши раиси Х.Ешимбетов, Сурхондарё вилоят партия кенгаши раиси А.Пардаев, Сирдарё вилоят партия кенгаши раиси Ш.Мамадецоевва Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари М.Ворисова, Қ.Қосимова, Ф.Шарипов сўзга чиқди.
Партиянинг дастурий ғоялари ва таклиф этилаётган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси мақсадларининг уйғунлигини эътиборга олган ҳолда, йиғилишда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси нафақат партия электоратининг ижтимоий манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларига жавоб берадиган Тараққиёт стратегиясининг амалга оширилишини нафақат ижтимоий-сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозимлиги, балки партиянинг парламентдаги фракцияси, унинг халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари, маҳаллий партия ташкилотлари тегишли масалаларнинг жойлардаги амалий ечимида бевосита фаол иштирок этиши муҳим эканлиги қайд этилди.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, йиғилишда партия барча бўғинларининг ижтимоий-сиёсий, тарғибот ва ташкилотчилик ишлари бўйича йўл харитаси лойиҳасини тайёрлаш учун ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати