Маълумки, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Президент Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси қўйилди.
Нега ўзи дастур тайёрланади? Сабаби, оддий. Яъни у амалга ошириладиган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилади. Лойиҳани кўриб чиқишингиз билан, мазкур дастур ҳақиқатдан ҳам “Инсон қадри учун” тамойилига асосланганига гувоҳ бўласиз.
Аввало, алоҳида таъкидлаш керакки, олдинги ҳужжатларга қараганда анча аниқ, халқаро ҳужжатлардаги каби мақсадлар берилмоқда (94 та мақсад). Ҳаракатлар стратегияси билан таққослаганда мазмун жиҳатдан яна иккита йўналиш муҳокамага қўйилган дастур лойиҳасида эълон қилинган. Буларнинг бири маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш бўлса, иккинчиси умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш масалалари ҳисобланади.
Лойиҳадаги эътиборимни тортган айрим жиҳатларга тўхталиб ўтсам. Жумладан, маҳаллий кенгашлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари регламенти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Тўғри, қонун ижодкорлиги маҳаллий Кенгаш депутатларининг вазифасига кирмайди. Бироқ улар пастдаги ҳақиқий аҳволдан хабардор. Шу жиҳатдан уларга қўшимча имконият берилиши қабул қилинган қонунларнинг ҳаётийлиги, халқчиллиги ва энг асосийси, қоғозда қолиб кетмай, амалда ишлашини таъминлайди.
Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашларнинг назорат функцияларини кенгайтириш, уларни тизимлаштириш мақсадида “Халқ депутатлари Кенгашлари назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланмоқда. Бу нимани билдиради? Ахир парламент назорати тўғрисидаги қонун бор, деган фикрга келишингиз мумкин. Улар эшитувга чақиради, ҳукуматга сўров юборади. Депутат ҳам сўров юбориш ҳуқуқига эга, деган хаёлга боришингиз турган гап. Агар ушбу қонун ишлаб чиқилса, асосий назорат қилувчи тузилма, яъни маҳаллий Кенгашларнинг имкониятлари ошади. Уларда ижро органларига суров юбориш, эшитувини ташкил қилиш, депутатлик гуруҳлари ва доимий комиссияларнинг ваколати ортади. Бир сўз билан айтганда, муаммолар қуйидан ҳал бўла бошлайди.
Бундан ташқари, ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳамда ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оила ва шахслар ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиниши кўзда тутилмоқда. Бунга масъул сифатида ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича алоҳида орган белгиланмоқда. Бундан маъно шуки, ижтимоий ёрдамга муҳтожлар учун олиб борилаётган ишлар масъул қилинган орган томонидан мувофиқлаштирилади. Демак, жавобгарлик ҳам бир идорадан талаб қилинади. Ўз-ўзидан масъулият ҳам ортади, тартиб ва тизим ҳам бўлади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.