Давлат дастури ижроси бўйича ЎзХДП фракцияси позицияси

Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг жорий йил учинчи чоракдаги ижроси бўйича Ҳукумат ҳисоботи Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари Ҳукумат ҳисоботини партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб атрофлича муҳокама қилди ва бу ҳақда ўз позициясини билдирди.

Фракциямиз ҳар бир йўналиш муҳимлигини ҳисобга олиб, йил бошидан алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этган. Айниқса, дастурдаги вазифаларнинг муҳимлиги ижтимоий соҳанинг устуворлиги билан белгиланади.

Ҳукумат ҳисоботининг ўтган 6 ойлик якуни бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 1 августдаги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини сифатли ва ўз вақтида таъминлаш масалаларининг хисоботга киритилиши парламент назоратининг мониторинги, деб қараш лозим.

Дастурда ижтимоий соҳани ривожлантириш, авваломбор аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш тенденциясининг илгари сурилиши, одамларнинг даромадларини оширишга қаратилган ташаббуслар, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, аҳолига тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳукуматнинг чоралари, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши одамларнинг турмуш шароитини яхшилашга, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда фракция партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг Хукумат дастурида акс этганлигини эътироф этиб, унинг бажарилиши юзасидан ҳамкорликни кучайтирган.

Сўнгги вақтларда мамлакатимизда партиямиз электорати вакилларининг қўллаб-қувватланиши бунга мисол бўла олади. Хусусан, ўқитувчиларнинг иш ҳақи сезиларли равишда оширилди, икки босқичдан иборат бўлган иш ҳақини ошириш жараёни натижасида ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи кўтарилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Шу билан бирга, Халқ демократик партияси фракцияси Давлат дастурининг бажарилишида муаммо бўлаётган қатор масалаларга эътиборни кучайтириш лозимлигини таъкидлайди.

Жумладан, Давлат дастуридаги 273 та банднинг айримлари йил давомида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, улар ҳақида аниқ маълумотлар тақдим этилмаган.

Муддати ўтган вазифаларнинг бажарилмай қолган қисми ёки бажарилмаслик сабабларини аниқ белгилаш лозим, деб таъкидлайди. Шунингдек, ишсизлик ва норасмий бандлик даражасини пасайтириш, бўш иш ўринларининг мустаҳкам базасини шакллантириш, иш билан таъминланган аҳоли сонини аниқлаш механизмларини такомиллаштириш, ягона миллий меҳнат тизимини жорий этишни тезлаштириш, бўш иш ўринларини яшириш ҳолатлари юзасидан қўшимча чоралар кўриш лозим, деб ҳисоблайди.

Ҳуукуматдан юқоридаги масалаларга алоҳида эътибор қаратишни сўраб, ЎзХДП фракцияси Давлат дастурининг жорий йил учинчи чоракда бажарилиши юзасидан тақдим этилган хисоботни маъқуллайди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш