Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти 2021 йил учун Глобал очлик индекси рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистон энг яхши кўрсаткичга эга бўлган мамлакатлар орасида 21 ўринни эгаллади. Ваҳоланки, бир йил олдин рўйхатда мамлакатимиз 30 ўринда эди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур рўйхат тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши, беш ёшгача бўлган вазни меъёрдан паст болалар улуши, беш ёшгача бўлган бўйи меъёрдан паст болалар улуши ва беш ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражасидан келиб чиқиб шакллантирилади.
Қайд этиш керак, мамлакатимизда илк марта камбағаллик эътироф этилди. Камбағалликни қисқартириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, юқори иш ҳақига эга бўлган иш ўринларини яратишга катта эътибор берилмоқда. Алоҳида давлат ташкилоти – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди.
Коронавирус пандемияси даврида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оила ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда бўлди. Бундан ташқари, кундалик эҳтиёжда фойдаланиладиган энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун бир қатор бож имтиёзлари ва преференциялар жорий этилди ва яқиндагина уларнинг муддати яна узайтирилди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нархларнинг сунъий тарзда ошиб кетишининг олдини олиш, йил ўн икки ой давомида зарур озиқ-овқатлар таъминотида узилиш бўлмаслиги учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Албатта, бу борадаги ишларни буткул қониқарли, деб бўлмайди. Ҳали озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари борасида халқимизнинг эътирозига сабаб бўлаётган муаммолар сақланиб қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу борада ҳукумат яна тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиши, халқимизни рози этишига умид қиламиз.