Мамлакатимиздаги ҳар бир инсон ҳаётига бевосита таъсир қиладиган, нафақат бугунимиз ёки эртамиз, балки яқин келажагимизни белгилашда катта ўрин тутадиган мақсад ва вазифалар борки, улар дўппини бошдан олиб қўйиб, пухта ўйлашни, кўпчилик билан кенгашишни ва шу аснода бошлаётган ишларимизга пухта замин тайёрлашни талаб қилади.
Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда тайёрланган мазкур ҳужжатнинг бош мақсади - “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олишдан иборатдир.
Унга, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида “Инсон қадри учун” тамойилига асосан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш кўзда тутилган.
Еттита устивор йўналишга асосланган Тараққиёт стратегияси ва уни жорий йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да камбағалликни қисқартириш бўйича, лойиҳада ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва коррупциявий омилларнинг олдини олиш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилган.
Мазкур дастурда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган қатор муҳим вазифалар ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача ошириш, аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиниш каби вазифалар шулар жумласидандир.
Лойиҳага киритилган кўплаб мақсад ва вазифалар Ўзбекистон Халқ демократик партиямизнинг Сайловолди платформасида илгари сурилган ғояларга ҳамоҳанг эканлиги эътиборга молик.
Шу сабаб, ушбу лойиҳанинг тарғиботини кучайтириш, унда илгари сурилган мақсад ва вазифалар кўламини кенг жамоатчиликка етказишда биз депутатлар ва партия фаолларимизнинг ўрнини кучайтиришимиз ғоятда муҳим вазифадир.
Умуман олганда мазкур лойиҳа муҳокамасида кенг жамоатчилик иштироки, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ўта зарур ҳисобланади.
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.