Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорларга субсидиялар ажратилади

 

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг таълим олиши ва бандлигини таъминлашда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, республика бўйича 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 760 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан 156 мингдан ортиқ 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда.

Давлат томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг зарур эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг камситилишлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқилмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини мисол сифатида келтириш мумкин.

Қарорга кўра, жорий йил 1 январдан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ойда БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади. Шунинг билан бирга, 2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

Чин етим сифатида давлат таъминотига олинган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида, йўл харажатлари учун 5 баравари миқдорида пул нафақаси берилади.

Ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидиялар ажратилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилади. Бундай шахслар орасида республика танловлари ўтказиб борилади, улар учун китоблар, журналлар ва бошқа босма материаллар базаси кенгайтирилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан жорий йилдан бошлаб ҳар йили танлов асосида 20 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларнинг хорижий ОТМда, онлайн курсларда таълим олиши ташкил этилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 мартдан болаликдан ногирон бўлган шахслар ва I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар даромад солиғи бўйича имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади. Давлат буюртмачиларига эса эндиликда ногиронлар жамоат бирлашмалари билан уларнинг маҳсулотларини харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиши ҳуқуқи берилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари тасарруфидаги корхоналар фаолиятини тубдан модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш бўйича ўрганиш ва баҳолаш ишларини ташкил қилиш ҳамда ўрганиш жараёнида қуйидаги йўналишларга эътибор қаратилади:

- ижтимоий корхона, ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий маҳсулот, ижтимоий квота, ижтимоий масъулият тушунчалари ҳамда уларни амалиётга жорий этиш юзасидан илғор хорижий тажриба таҳлил қилиб борилади. Шунингдек, ижтимоий корхоналар кластерларининг фаолиятини, биринчи навбатда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган ижтимоий маҳсулотлар (товарлар, хизматлар), замонавий тиббий реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришга йўналтирилади;

- “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ижтимоий маҳсулот” товар белгиси остида ишлаб чиқаришни, кооперация ва касаначиликни кенгайтириш, маҳсулотлар (товарлар, хизматлар) турлари ва истиқболли бозорларга экспортини кўпайтиришнинг аниқ чораларини белгиланади. Ижтимоий корхоналар кластерларининг ҳудудларда ҳамда хорижий давлатларда савдо уйлари ва фирма дўконлари ташкил этилади.

- ижтимоий корхоналар кластерларида ишлаб чиқарилган товарларни биржа савдоларида сотиш, давлат эҳтиёжи учун харид қилиш ва захирага олишнинг механизмлари такомиллаштирилади;

- кўзи ожизлар, кар-соқовлар ва бошқа шаклда ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан, болалар соғлиғини реабилитация қилишга ихтисослашган марказлар, таълим, тиббиёт, маданият ва маърифат масканлари каби ижтимоий инфратузилмаларнинг фаолиятини ва моддий-техника базасини, таълимнинг ишлаб чиқариш билан интеграциясининг амалдаги тизими такомиллаштирилади.

- замонавий менежмент ва маркетингга асосланган бошқарув ва ишчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштирилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни мамлакатимизда ўтказилаётган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда, уларни эъзозлаш, зарур моддий ва маънавий, тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришда фаол қатнашиш, уларнинг ҳаёт даражасини яхшилашга халақит бераётган муаммоларни аниқлаш, жумладан, пенсия тўловларида, соғломлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва дори-дармонлар билан таъминлашда вужудга келаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилаётган бюджет маблағларининг қатьий белгиланган мақсадлар учун самарали ишлатилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилган.

Энг муҳими, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари тасарруфидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий, техник ва технологик ҳолатини таҳлил қилиш, уларни модернизациялаш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг аниқ манбалари белгиланмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини иш билан таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантиришга инвестиция киритиш, миллий бозорни янги ижтимоий хизматлар, арзон ва сифатли товарлар билан тўлдириш учун қўшимча шарт-шароит яратади.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш