Аёл — миллат келажаги, ҳаёт давомчиси, оила бекаси. Хотин-қизлар эъзозланган, оилалари қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон бўлади. Ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало, шу юрт аёлларининг маънавий савияси, оиладаги таълим-тарбия муҳити белгилайди. Аёл меҳнати билан жамият тўлақонли ривожланади, тараққий этади. Шу жиҳатдан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида парламентимиз янги таркибининг 30 фоизи аёллардан иборат бўлди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Энг муҳими, юртимизда аёл раҳбарлар – вазирлар, ҳокимлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, банк ва компаниялар раислари, ҳуқуқ-тартибот идораларида масъул вазифаларда хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сони ортиб бораётир.
Бунинг баробарида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида сўнгги йилларда салмоқли амалий ишларга қўл урилди. Жумладан, республикамизнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилиб, опа-сингилларимизга тадбиркорлик, ҳунармандлик, касбга қайта тайёрлаш, бандликни таъминлаш юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилди. Ана шундай имкониятлар туфайли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар сони тобора ошиб, улар томонидан минглаб янги иш ўринлари яратиляпти.
Жорий йилда ҳам мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлашга, оила тотувлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлар кўлами янада кенгайишига шубҳа йўқ. Сабаби Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида бу борадаги вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, 67-мақсад сифатида эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-авайлаш, кенг оммалаштириш ҳамда ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, 183 та туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканларини барпо этиб, фойдаланишга топшириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, мактабларни чинакам маънавият ва маърифат, маданият ўчоғига айлантириш учун таълим-тарбиянинг интерактив усулларини қўллаш, мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва шу асосда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш кўникмасини шакллантириш мақсадлари қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳам ўз фаолиятида оилани мустаҳкамлашга, оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилишга, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда аёлларнинг иштирокини янада фаоллаштиришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этмоқда. Бизнинг комиссия ҳам 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасига ўз олдига қўйган мақсадлардан келиб чиқиб, аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини, оилавий ажримлар ҳолатини таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан жиноятчиликнинг, олдини олишга доир самарали механизмларни жорий этиш, хотин-кизларнинг касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, хотин-кизларни тадбиркорликка кенг жалб этишга кўмаклашиш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш ва оиланинг тиббий маданияти даражасини оширишга кўмаклашиш, жойларда, хусусан, маҳаллаларда, оилаларда, хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган тарбиявий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ўз таклифларини беради, албатта.
Қолаверса, жойларда депутатлар томонидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари ва ўрганишлар давомида оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқ, камчилик ва муаммоларни таҳлил қилиб бориш, шу асосда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига оила ва хотин-қизларга оид масалалар бўйича аниқланган қонун бузилишларини ҳамда уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар киритиб бораяпмиз.
Шубҳасиз, мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим. Бу жараёнда Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида белгиланган мақсадлар очиғи, аёллар, оналаримиз қалбига, юрагига етиб борди, уларни тўлқинлантириб юборди.
Хулоса қилиб айтганда, аёлларга иззат-икром кўрсатиш, уларни ардоқлаш, оғирини енгил қилиш ишларига давлатимиз тобора катта аҳамият бермоқда. Лекин биз депутатлар ҳам оила ва аёллар манфаатини ҳимоя қилиш, бу борадаги масалалар ечими юзасидан янада ташаббускорроқ ва фаолроқ бўлишимиз зарур.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
палатанинг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси аъзоси.