Тинч ва осойишта ҳаётимиз, ёруғ ва бехавотир кунларимиз ҳарбийларнинг фидойилиги, садоқати, матонатига бевосита боғлиқдир. Мамлакатимизда мудофаа соҳасини тубдан ислоҳ этиш, уни тезкор замон талабига монанд тарзда муттасил такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш, давлатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудрати ва қобилиятини ошириш каби йўналишларда тизимли ишлар олиб борилди.
Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Дарҳақиқат, мамлакатимиз тарихида биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бу эса жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш учун имкон берди. “Армия ва халқ – бир тану бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари республикамиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда. Ғоят мураккаб ва синовли тарзда мамлакатимиз, бутун халқимиз бошидан ўтган 2020-2021 йиллардаги оғир пандемия даврида ҳам ҳарбийлар коронавирус балосини бартараф этиш борасидаги курашда олдинги сафда бўлдилар. Ҳарбий шифокорлар беморларнинг ҳаёти учун минглаб тиббиёт ходимлари билан елкама-елка фидойилик кўрсатган бўлсалар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия тизими вакиллари эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини, метин интизомни сақлашга оид саъй-ҳаркатларда пешқадам бўлди.
Мамлакатимиз ҳарбийларининг фидойилиги, мардлик ва матонат намунаси эл бошига яна бир оғир синовлар тушган дамларда – Сирдарё ҳамда Бухоро вилоятларидаги нохуш вазиятларда тағин намоён бўлди.
Ватан ҳимоячилари байрамининг қутлуғ шукуҳи кезиб юрган шу кунларда кўплаб соҳа фидойилари учун янги турар жойлар қуриб, фойдаланишга топширилмоқда. Соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қуватлаш мақсадида уларнинг олий таълим олиши, ижтимоий муҳофазаси, ҳар жиҳатдан рағбати борасида янгидан-янги имкониятлар яратилаётгани эътиборга моликдир.
Бундан ташқари, мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудратини ошириш йўналишида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилди.
– Давлат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудрати ва қобилиятини ошириш мақсадида Мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, қуролли кучларнинг жанговар қобилиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар комплекс дастури ҳамда Хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни фаоллаштириш тизимини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди;
– 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси мудофаа саноат комплексини ривожлантириш дастурининг лойиҳаси ва уни тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара назорати сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
– мамлакат ҳудуди ҳимоясининг вазифаларини ҳал этишда куч тузилмалари бўлинмаларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида жанговар тайёргарлик тадбирлари жадаллиги ўртача 1,5-2 бараварга ошди, ҳамкорликдаги куч тузилмалари билан 73 дан ортиқ биргаликдаги тактик, оператив миқёсдаги турли ўқувлар ва тадбирлар ўтказилди;
– Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар ва кундалик фаолиятини бошқариш маркази, Марказий ҳарбий округи ситуацион маркази, бошқа ҳарбий округ ва қўшилмаларнинг қўмондонлик пунктлари фаолияти йўлга қўйилди.
Боз устига, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтириш вазифалари қўйилди. Барча бўғиндаги ҳокимият органлари раҳбарларининг қўшинлар кундалик ҳаётида, ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фаол иштирок этишни таъминлаш, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш, Қуролли Кучлар барча давлат идоралари, муассаса ва корхоналар учун етук кадрлар тайёрлайдиган мактабига айланишига эришиш, мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш шулар жумласидан.
Стратегияда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ягона автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш ва рақамлаштиришни янада такомиллаштириш, Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги ҳамда ўқув моддий-техника базасини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартибини янада такомиллаштириш, олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни саралаш ва танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш, Мудофаа вазирлиги қўшинларида раҳбар лавозимларига кадрлар захирасини яратиш тизимини ривожлантириш, 2022-2026 йилларда қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш мақсадлари ҳам белгиланганки, уларнинг ижроси мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, Қуролли кучларимизнинг қудратини оширишга хизмат қилади. Шубҳасиз, армиямиз Қуролли Кучларимиз бундан кейин ҳам мамлакатимиз, халқимизнинг тинч-осойишта, хавфсиз хаётининг кафолатли химоячиси бўлиб қолаверади.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси.