Шу кунларда халқимиз, кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокама этилаётган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида халқ билан мулоқот ва жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Бу масалалар нега муҳим?
Биринчидан, халқ билан мулоқот тамойили фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этиб беришга кўпроқ боғланиб қолди. Энди бу тамойилни янги даражага кўтаришга эҳтиёж туғилди. Халқ билан мулоқотнинг мурожаатларни қабул қилиш, сайёр қабуллар ўтказишдан бошқа механизмлари жорий этилиши давлат идоралари ва уларнинг раҳбарларининг аҳоли билан бевосита ҳамда фаол мулоқот шакллари юзага келишига шароит яратади. Бунинг натижасида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалаларнинг тизимли ечим топилиши сари йўл очилади.
Иккинчидан, ҳудудлар миқёсида қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикри ўрганилмаслиги ёки ҳисобга олинмаслиги турли муаммоли ҳолатларни юзага келтириши мумкин. Айтайлик, маҳаллий бюджет ҳисобидан катта маблағ эвазига бир лойиҳа амалга оширилади. Лекин жамоатчилик нуқтаи назарида бошқа муаммони ҳал қилиш бу лойиҳадан муҳимроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун жамоатчиликнинг ижтимоий кайфиятига, кундалик турмушига бевосита тааллуқли масалаларда халқ билан бамаслаҳат иш кўриш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳудудлардаги учрашувлар ва сайловчилар билан мулоқотларда гувоҳи бўлдикки, айрим ташкилотлар мурожаатларга етарлича эътибор қаратмайди, баъзи мурожаатлар умуман жавобсиз қолиб кетади. Мурожаатни қисқа муддатда ҳал қилиб бўлмаслиги мумкин, лекин унга малакали ва сифатли жавоб қайтариш ҳар бир ташкилотнинг қонуний мажбуриятидир.
Шу жиҳатдан стратегияда давлат органларига келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратиш, рақамли назоратни ўрнатиш, айниқса, аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар ҳақидаги мурожаатлар тез ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш назарда тутиляпти.
Халқимиз турмушида азалдан умуминсоний ва демократик қадриятлар ўзига хос тарзда ифодасини топиб келган. “Эл назаридан қолма”, “Эл нима дейди?”, “Элдан чиқма”, деган мазмундаги даъватларнинг ҳозир ҳам таъсири анча кучли. Раҳбар ҳам, ходим ҳам, катта ҳам, кичик ҳам эл назари, кўпчилик фикрини ҳурмат қилади, ҳисоблашади, қадрлайди. Жамоатчилик назорати институтининг мазмун-моҳияти шунга анча яқин.
Демак, стратегияда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласига янада кенгроқ эътибор бериш керак.
Лойиҳада жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жумладан, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш кўзда тутилди.
Турли қурилиш ва таъмирлаш лойиҳалари, давлат харидлари ҳақидаги маълумотларга жамоатчилик катта қизиқиш билдиряпти, муҳокама қиляпти. Бунга хавф деб эмас, жамоатчилик назорати таъсирчанлигини ошириш учун каттта имконият, деб қараш керак. Чунки ҳеч қандай назорат жамоат назоратичалик таъсирчан кучга эга эмас. Айниқса, бу назоратнинг жамият учун тарбиявий аҳамияти жуда юқори.
Жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш, мана шу жараёнда мурожаатчилар вакилларининг ҳам иштирокини назарда тутиш зарур.
Жамоатчилик назорати таъсирчанлигини ошириш учун унинг имкониятлари ва ваколатларини етарли даражага олиб чиқиш муҳим. Яъни, фуқаролар жамоатчилик назоратида фаол иштирок этишдан, фуқаролик позициясини билдиришдан маъно ва натижа бўлишини сезиши керак. Акс ҳолда, стратегияда кўзланган бошқа мақсадларга етиш қийин.
Булар қандай мақсадлар?
- Айрим давлат вазифаларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш.
- Давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш.
Ушбу жараёнлар реал йўлга қўйилса, жамиятимизда ижтимоий-сиёсий маданият, фуқаролик ва дахлдорлик позицияси мустаҳкамланди. Шу билан бирга, давлат бошқаруви идораларидаги бюрократик кайфият ва тўсиқлар камаяди. Халқ билан ҳисоблашиш, жамоатчилик фикрини қадрлаш, эл назари олдида масъулият ва жавобгарлик ҳисси кучаяди. Янги Ўзбекистон концепциясининг муҳим асосларидан бўлмиш “Давлат халқ учун хизмат қилиши шарт”, деган ғояни амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
“Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи” деган ғояни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг бош сиёсий шиорларидан бири сифатида илгари сургани бежиз эмас. Биз ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, барча фуқаролар устувор ҳуқуқларини амалга оширишда тенг имкониятларга эга бўлиши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Устувор ҳуқуқлар, аввало, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этишни англатади. Демак, партиямиз сиёсий нуқтаи назардан ҳам халқ билан мулоқот ва жамоатчилик назоратининг янги, таъсирчан механизмлари жорий этилишини фаол қўллаб-қувватлайди, депутатлари ва вакиллари орқали жараёнда қатъий иштирок этади.
Улуғбек Иноятов,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.