Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришсиз қоладими? Савдо-саноат палатасига қандай ваколатлар берилмоқда? Болани парваришлаш даври меҳнат стажига қўшиладими? Автомототранспорт воситаларини ижарага бериш билан боғлиқ қандай ўзгаришлар бўляпти?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисидаги қонун лойиҳалари муҳокамаларида шу саволларга жавоб берилди.
Депутатлар дастлаб «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишди. Масъулларнинг баёнотларидан сўнг савол-жавоблар кузатилмади. Балки, қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишга пухта тайёрлангани эътироз ва тушунмовчиликларга ҳожат қолдирмагандир.
Кун тартибидаги иккинчи масала – «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўйича партиямиз фракцияси аъзоси Ўрол Ўрозбоев маъруза қилди:
– Мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳи йиғилишларида барча сиёсий партияларнинг фракция аъзолари, депутатларнинг таклифлари бирма-бир ўрганиб чиқилди, – дейди депутат. – Уларнинг айримлари қонун лойиҳасида инобатга олиниб, маромига етказилди.
Пенсия жамғармасининг даромадлари харажатларини қоплаш учун етарли бўлмаган ҳолларда Давлат бюджетидан трансфертлар ажратилишини инобатга олиб, пенсияларни тўлаш учун Пенсия жамғармасига трансфертлар ажратилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Меҳнат кодексининг 234-моддасига болани парваришлаш таътилларини меҳнат стажига жамлаганда кўпи билан олти йил этиб белгилаш назарда тутилган.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда ҳам депутатлар томонидан маъқулланди.
Коронавирус пандемияси сабабли кўплаб тадбиркорлик субъектлари маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлашни сўраб, Савдо-саноат палатасига мурожаат қилган. Лекин палата бундай ваколатга эга бўлмагани сабабли бу каби ҳолатларни тасдиқловчи сертификатлар берилмаган ва тегишли идоралар ёки хўжалик юритувчи субъектларга фақатгина хат чиқариш билан чекланилган.
Мажлисда биринчи ўқишда муҳокама этилган «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси билан маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган бундай ҳолатларни тасдиқлаш ваколатининг Савдо-саноат палатасига берилганлиги муносабати билан ушбу нормани қонунда белгилаб қўйиш таклиф этилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши норматив-ҳуқуқий базанинг яратилиши, ҳуқуқий бўшлиқларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.
Кун тартибидаги тўртинчи масала муҳокамаси мажлиснинг энг қизғин палласи бўлди.
«Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Унга кўра, 2021 йил 1 майдан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, 2021 йил 10 октябрдан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, уларни юртимиз ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу қонунни қабул килиш Давлат бюджетининг 800,0 млрд. cўм атрофида даромадлари камайишига олиб келади. Йўқотилган суммани солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, шунингдек, алоҳида имтиёзларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳисобига қоплаш кўзда тутилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли ва узлуксиз таъминлашга, нарх барқарорлигини сақлашга, аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилади.
1 та қарши, 1 та бетараф ва 114 та қўллаб-қувватловчи овоз билан мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 12.01.2022, №2