Халқчил қонун

 

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Аввало таъкидлаш керак, мазкур қонунни қабул қилиш 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш йўли билан етим болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга қараб турилган вақтни иш стажига қўшиб ҳисоблаш даврини узайтириш, шунингдек республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича юзага келадиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш, карантин тадбирлари давомида фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

Биринчидан, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига республикамиз бўйича 766 нафар III -гуруҳ Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тўланиб келинмоқда. Бундай шахсларга пенсия тайинлаш масаласи “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топмаганлиги сабабли, қонун лойиҳасининг 15-моддасида ушбу тоифадаги шахсларга пенсия тайинлаш ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Иккинчидан, қонуннинг 19-моддасида боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўланиши белгилаб қўйилди.

Учинчидан, қонуннинг 37-моддасида ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, шунингдек болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 6 йиллик даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш таклиф этилмоқда.

Тўртинчидан, қонуннинг 47-моддасида республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда амал қилиб турган даврда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинлаш белгилаб қўйилди.

Бешинчидан, амалдаги Меҳнат кодексининг 234-моддасида болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши, бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилиши белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур қонун Президентимизнинг таъбири билан айтганда халқчил қонун бўлиб, халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, қолаверса, камбағалликни камайтиришга муносиб хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш