"Давлат халққа хизмат қилиши шарт"

 

Шу кунларда 2022-2026 йиллар учун Тараққиёт стратегияси лойиҳаси қизғин муҳокама этилмоқда. Стратегияда мақсадлар сони 94 та бўлиб, уларнинг ҳар бири бир нечта вазифани ўз ичига олади. Масалан, 11-мақсад халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини такомиллаштиришга йўналтирилган бўлса, 12-мақсадда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилган. Умуман, стратегия орқали мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларини демократиянинг классик ва янгича ғоялари асосида ривожлантириш кўзда тутилган.

Муҳим ҳужжат лойиҳаси бўйича партиямиз фаоллари, депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

 

Стратегия ва Қорақалпоғистон

Халилла ЕШИМБЕТОВ,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси:

— Тараққиёт стратегиясида белгиланган ҳар бир тадбир, унинг ҳар бир банди мазмун-моҳиятини энг аввало, ўзимиз чуқур англаб, аҳоли, хусусан, партия электорати вакиллари орасида тарғиб қилишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Тараққиёт стратегиясининг барча бандларини қўллаб-қувватлаган ҳолда айтиш керакки, “Умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш” йўналиши бўйича аҳоли саломатлигини ва генофондига зиён етказадиган муаммоларни бартараф этиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича белгиланган тадбирлар Қорақалпоғистон халқи учун катта ғамхўрлик ҳисобланади.

Оролбўйида халқаро “Яшил иқлим” ва Глобал экологик жамғармаларининг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳалар амалга оширилиши экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади.  

Кейинги йилларда Амударё сув сатҳи камайиб, айрим жойларда танқислик кузатилмоқда. Бу эса аҳоли томорқасидан ҳосил олишга салбий таъсир қилмоқда. Айниқса, электоратимиз вакиллари бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга айрим қийинчиликлар туғдирмоқда. Шуларни ҳисобга олиб, ҳақиқатда сувсизлик туфайли томорқасидан ҳосил ололмаган оилаларга субсидиялар беришни кўзда тутувчи қонуний норма ишлаб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шу билан бирга, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларга имконият яратувчи жамоат транспорти инфратузилмасини вилоятлар ва туманлар марказларида ҳам яқин муддатларда йўлга қўйилишини белгиловчи дастур қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ҳозир ҳамма жойда “Дамас”лардан жамоат транспорти сифатида фойдаланилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун бу ноқулайликларни юзага келтиради.

Оролбўйи аҳолиси саломатлигини сақлаш мақсадида алоҳида дастур ишлаб чиқиш муҳим. Бугунги кунда аҳоли орасида кўп учраётган йод етишмаслиги, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш чораларини кўриш лозим. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг саломатлигини тиклаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги давлат тасарруфидаги пансионатлар ва санаторийларга даволанишлари учун кўшимча имтиёзлар бериш, шу орқали ижтимоий ҳимоялаш керак.

Биз, қорақалпоғистонликлар Тараққиёт стратегияси лойиҳасини, ундаги мақсад-вазифаларни тўлиқ қувватлаймиз.

 

Жамоатчилик назоратини кучайтириш — давр талаби

Акмал УМАРАЛИЕВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Стратегиянинг муҳим йўналиши “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш”, деб номланади. Унда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш белгилангани муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги кунда Тошкент вилоят Кенгашида Халқ демократик партиясидан сайланган 19 нафар ҳамда 183 нафар туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари жойларда таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириб келмоқда. Сайловчилар ҳамда партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилишда бу институт жуда зарур.

Депутатлик назорати ва жамоатчилик назорати бир-бирига уйғун ривожланса, самарали натижаларга эришилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баробарга ошириш назарда тутилаётани муҳимдир. Ҳам ҳуқуқий, ҳам молиявий қўллаш бўлмаса, ҳудудларда сиёсий-ҳуқуқий муҳитни фаоллаштириш қийин.

 

Меҳринисо БОБОЕВА,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши бўлим бошлиғи:

— 2020 йилда “Темир дафтар”, 2021 йилда эса “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари ташкил этилди. Уларга ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган оилалар киритилиб, уларга кўмак кўрсатилди. Уйма-уй юрган ҳолда одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва уларга ечим излаш халқ билан мулоқотнинг амалий намунаси бўлди.

Жиззах вилоятида 47662 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди. 9 та тоифа бўйича туманлар ва секторлар кесимида манзилли ишлар ташкил этилиб, уларга тегишли амалий ёрдамлар кўрсатилди. Яъни, муаммолар мулоқот асосида ҳал этилди.

Стратегияда келгуси йилларда ҳам халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш назарда тутилган. Бунинг учун қатор вазифалар белгиланмоқда. Жумладан, давлат органларига келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратган ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати ва сифати устидан рақамли назорат ўрнатилиши кутилмоқда экан. Натижада аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатлар тезкор ва сифатли кўриб чиқилишига эришилади.

Бизнинг вазифамиз эса буларнинг барчаси амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши жараёнларида бевосита қатнашиб, жамоатчиликка ўрнак бўлишдир.

 

Матлуба ТЎЙЧИЕВА,

Ўзбекистон ХДП Бўстон туман кенгаши раиси:

—  “Давлат халққа хизмат қилиши шарт”, деган ғоядаги қатъий руҳият менга ёқди. Ҳар бир хизмат кўрсатувчи ташкилот, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат идоралари маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолини қабул қилиш ишларини изчил давом эттириши мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда, амалдорлар яна одамлардан узоқлашиб кетади.

Стратегиядаги жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ ва блогерлар фаолиятидан самарали фойдаланиш, Фуқаролик жамияти ва бошқа институтларни қўллаб-қувватлаш фондига ажратилган маблағларнинг сарфланиши маҳаллий Кенгашларда кўриб чиқилиши ҳам керакли амалиёт. Чунки айрим ҳолларда ушбу маблағлар ҳар йили битта-иккита ташкилот ёки шахсга берилиши кузатилади. Таклифим, давлат дастурлари ижроси юзасидан вилоят, туманлар бўйича рейтинг юритиш ва ижтимоий тармоқларда бериб бориш механизми ишга тушса, очиқлик, шаффофликка эришилади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 12.01.2022, №2

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш