Хотин-қизларни қийнаётган масалалар ўрганилди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят ва шаҳар кенгашлари ташаббуси билан “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида «Аёлларга кўмак» лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасижа халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати, маҳалла раиси Ширин Алдабергенова, партия вилоят Кенгаши сектор мудири Хуршида Нарзиева, Навоий шаҳар Кенгаши раиси У. Шомиров иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда хотин-қизларни қийнаётган масала ва муаммолар ўрганилди.

– Турмуш ўртоғим вафот этгач, оиладаги барча вазифалар менинг зиммамда қолди. Икки нафар фарзандим бор. Уларни ўқитиш ва едириб, ичириш учун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни бошладим. Чунки ойлик маошим кам эди. Уч йил бўлди чорвачилик билан шуғулланяпман. Олган даромадимиздан болаларни ўқитдим, тўйлар қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, бизни ёлғиз қўймаган депутатимизга ташаккур билдираман, – дейди мулоқот иштирокчиларидан бири Нусқа Ҳусанова.

Суҳбат давомида фуқаро кредит олиб, фаолиятини кенгайтирмоқчилигини таъкидлади. Унга кредит олиш тартиби бўйича тушунчалар берилди.

Фуқаро Юлия Носова эса моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, болалигидан ногирон, онаси билан яшайди. Айни кунларда онасининг ҳам соғлиги ёмонлашгани боис, дори-дармон олишга қийналиб қолган. Депутат унга тушкунликка тушмасликни таъкидлаб, “Аёллар дафтари”га киритилишини ҳамда моддий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.

– Ҳудудимизда 1397 та хонадон бўлиб, 5056 нафар фуқаро истиқомат қилади, – дейди Ш. Алдабергенова. – Биринчи босқичда 37 нафар, иккинчи босқичда 83 нафар аёл “дафтар”га киритилган эди. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиб, аксариятининг муаммолари ҳал қилинди. Айни кунларда 3-босқич учун аёллар рўйхати шакллантириляпти.

Шундан сўнг тадбир ташкилотчилари хонадонма-хонадон юриб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганишди.

– Уч нафар фарзандим бор, – дейди Ислом Каримов кўчасида яшовчи Азиза Ропиева. – Иш топишда ёрдам қилсангиз хурсанд бўлардим. Фарзандларим ўқийди. Катта ўғлимни уйлантиришимиз керак. Турмуш ўртоғим мавсумий ишларда ишлайди. Баъзида иш бўлади, баъзида бўлмайди.

Фуқаронинг муаммосини эшитгач, Ш. Алдабергенова ҳудуддаги “Оқ тулпор” ширкатида айни вақтда битта иш ўрни мавжудлигини таъкидлаб, ҳужжатларини топширишини сўради.

Тадбир давомида ўзини ўзи банд қилган Дина Тайирбекова фаолияти билан танишилди. У аёл ва эркаклар учун атир-упалар сотиш билан шуғулланади. Тадбиркор билан келгусидаги режалари хусусида суҳбатлашилди. У фаолиятини кенгайтириб, кўплаб хотин-қизларни бандлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқчилигини айтди.

Тадбир давомида билдирилган таклиф ва муаммолар тегишлилиги бўйича ташкилот ва корхоналарга депутатлик сўрови жўнатилди.

 

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш