ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ МЕНИ ШАХС СИФАТИДА ШАКЛЛАНТИРДИ

 

 

Бугун мамлакатимиздаги энг катта сиёсий партия – Ўзбекистон халқ демократик партияси ташкил топган кун.

Бу кун мени бундан 15 йил орқага, яқин ўтмишга қайтиб хотиралашга ундади. Мактабда ўқиб юрган вақтларимда бувимнинг депутатлик гувоҳномалари ва кўкрак нишонларини сандиқдан олиб, қайта-қайта кўриб ҳавас билан яна жойига авайлаб қўйиб қўярдим.

Олийгоҳни юқори курсида ўқиган пайтларимдан бошлаб Ўзбекистон ХДП вилоят кенгашида иш бошладим. Бувим аъзо бўлган партияда 2010-2018 йиллар давомида Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгашида мутахассисликдан вилоят кенгаши раиси ўринбосари лавозимигача бўлган босқичларни босиб ўтдим.

2014 йилда ўтказилган сайловларда халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгаши депутати этиб сайландим. 2018 йилда (бўшаб қолган ўринларга ўтказилган) сайловларда халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати этиб сайландим. Ҳар икки Кенгаш депутати сифатида болалик хотираларимда кузатган, ўзим гувоҳ бўлган ўша партияга садоқат, мустаҳкам эътиқод тушунчаларига амал қилганим туфайли бугун жамиятда ўз ўрнимни топиб бормоқдаман.

Ўнлаб шогирдларим турли юқори лавозимларда фаолият кўрсатмоқда.

2018 йил 17 сентябрь кунидан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, ижтимоий-ҳуқуқий ва саломатлик масалалари комплекси раҳбари вазифасида ишлаб келмоқдаман.

Ҳаётда қандай ютуқларга эришган бўлсам, барчасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг алоҳида ўрни бор. Болаликда араваларда далага қатнаб ўт-хашак, ўтин ташиб юрганман, ҳозир депутат сифатида минбарларда фикримни айтяпман, ёшларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпман. Булар учун партиямиз олдида умрбод қарздорман.

Мустақиллигимиз билан қадамма қадам одимлаб, юртимиздаги ислоҳотларга фаол ҳисса қўшиб келаётган Халқ демократик партияси ташкил топган улуғ сана билан барча партиядошларимизни чин қалбимдан табриклайман.

Яқинлашиб келаётган сайловларда партиямиз барча бўғинлардаги депутатлик сайловларида ғалаба қоғонишига тилакдошман.

Муроджон ҲАЙИТОВ,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё

вилоят Кенгаши раиси ўринбосари,

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят

Кенгашига ЎзХДПдан депутат                               

 

 

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш