Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон қадр-қимматини улуғлаш, манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқариш, фаровон турмушини таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бирига айланди.
Президентимиз деярли ҳар бир маърузасида ушбу масалага тўхталиб, инсон қадрини тиклаш ва халқни рози қилиш, одамларнинг ҳаётини яхшилаш лозимлигини бежиз таъкидламаяпти. Зеро, қайси мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор бўлса, ўша давлат ривожланади, келажакка дадил боқади.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилни мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам ғоят олижаноб мақсадлар мужассам. Айниқса, шу кунларда жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида аҳоли учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма яратишдек эзгу ишлар ўрин олган.
Тараққиёт стратегиясининг 7 та муҳим йўналиши бўйича 94 та мақсад қўйилган бўлиб, барчасининг замирида “Инсон қадри учун” деган улуғ ғоя турганини кўриш мумкин. Бу мақсадларнинг барчаси, аввало, маҳаллаларда амалга оширилади. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, йилни номлашда фаол маҳалла ибораси бежиз киритилмаганига амин бўламиз.
Эътиборлиси, эндиликда ислоҳотларни раҳбарлар пастга тушиб, “хонадонбай”, “маҳаллабай” ишлашдан бошлайди, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, Ёшлар ишлари агентлиги вакили лавозимларининг жорий этилишидан мақсад ҳам аҳоли билан ишлаш, муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган.
Тараққиёт стратегиясида мазкур масалага алоҳида эътибор берилган. Хусусан, биринчи йўналишда инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш мақсадида маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш кўзда тутилган.
Ушбу мақсадни амалга ошириш учун 5 та муҳим чора-тадбир механизми аниқ кўрсатиб берилган. Жумладан, маҳалланинг нуфузи ва обрўсини ошириш учун молиявий мустақиллик бериш, маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш, маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик бўйича ихтисослашувидан келиб чиқиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш қайд этилган.
Айниқса, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси институти фаолиятини самарали йўлга қўйиш орқали биринчи мақсадни амалга ошириш мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилмоқда.
Стратегия лойиҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини жойлардаги вакиллик органлари билан доимий алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, шу жумладан, маҳалла раиси томонидан маҳаллий Кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритишнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш илгари сурилмоқда. Бу борада фуқаролар томонидан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш институти жорий этилиши ҳам, ўйлайманки, маҳалла раисларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, лойиҳада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам бир қатор вазифалар юклатилмоқда. Бу жараёнда сайловчилар билан электрон почта орқали мулоқотни йўлга қўйиш белгилангани, биз, депутатларга уларнинг мурожаатлари билан тезкор ишлаш ва ҳал қилиш имкониятини яратади. Энг муҳими, буларнинг барчаси жамиятнинг олий қадрияти бўлган инсон манфаатларини тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
“Янги Ўзбекистон”, 13.01.2022, №8