Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хонқа туман Кенгаши томонидан 1-сон касб-ҳунар мактабида “Ёшлар масаласи партия эътиборида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда партия туман Кенгаши раиси Феруз Ваисов мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати хусусида маъруза қилди. Маърузада юртимизда миллат келажаги бўлган ёшларни давр руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилиб келинаётгани, ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг пухта таълим-тарбия олишлари, спорт ва санъат билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг алоҳида ўрни борлиги, бу борада партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Хусусан, партия Хонқа тумани Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, фуқаролар йиғинлари мутасаддилари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида электорат вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш намунали йўлга қўйилган. Партия Кенгашининг “Фаол аёллар” ва “Истиқбол” ёшлар қанотлари томонидан жойларда хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш доимий анъанага айланган.
Бундан ташқари, ёшларнинг дунёқараши ва тафаккурини бойитиш, миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда маҳалланинг алоҳда ўрни бор. Бу йўналишда Кенгаш томонидан амалга оширилаётган “Оила – маҳалла – ўқув муасссалари ҳамкорлиги” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
Оила соғлом бўлса, жамият мустаҳкам, мамлакат қудратли, келажак ишончли қўлларда бўлади. Юрт тақдири, унинг куч-қудрати, тинч-осойишталиги ва порлоқ истиқболи ўғил-қизларимизнинг оилада қандай тарбия олишларига боғлиқ. Шу жиҳатдан олганда, бу каби маънавий-маърифий лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади.
Давра суҳбати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят Кенгаши