Болани ҳаққидан қўрқинг

Самарқанд вилоятида ўтказилган «Бир миллион ўзбек дастурчилари» IT танлови вилоят босқичида биринчи ўринни олган ўқувчига ишлатилган эски ноутбук совға қилингани ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Ҳолат юзасидан Нуробод туман ҳокимлиги ахборот хизматининг муносабати эълон қилинди. Рости, жавоб шу қадар мужмалки, унда ҳолатга ойдинлик киритадиган бирон нарсани англаш мушкул ва қайтага танлов ўтказилишига доир қўшимча саволлар туғилади. Хусусан, ҳокимлик муносабатида: «...41-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторов фахрли биринчи ўринни олиб, туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда «Readme C11» русумли телефон аппарати билан тақдирланган», дейилган.

Самарқанд вилоят ХТБ эса танловнинг шаҳар ва туманлар босқичида 1-,  2- ва  3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар танловнинг иккинчи босқичига йўлланма олгани, улар мос равишда ноутбук, планшет ва уяли телефон билан мукофотлангани ҳақида хабар берган.

Шу ўринда савол туғилади: Нуробод туман ҳокимлиги танловда биринчи ўринни қўлга киритган ўқувчини учинчи ўрин учун аталган телефон аппарати билан тақдирлаб, ўйин қилмадими? Ўқувчи биринчи ўринни эгаллагани ҳолда 3-даражали диплом билан тақдирланганини қандай тушуниш мумкин?

Булар эътиборсизликми ёки танлов хўжа кўрсин учун ташкил этилганидан далолатми?

«Бир миллион ўзбек дастурчилари» катта умид ва мақсадлар билан ташкил этилган. Қоракўзларимизни IT йўналишига қизиқтириш, истеъдод эгаларини кашф этиш ва рағбатлантириш, шу орқали соҳани ривожлантириш кўзда тутилган. Бу соҳага энди-энди кириб келаётган, келажагини шу соҳада кўраётган ёшларни лақиллатиш, уларни руҳини синдириш, иштиёқини ўлдириш учун эмас. 

Бизнингча, Нуробод туманидаги ҳолат бўйича айбдорлар аниқланиши ва уларга нисбатан тегишли чора кўрилиши, натижаси бўйича жамоатчиликка маълум қилиниши шарт. Токи, бундай шармандали ҳолатлар бошқа кузатилмасин.

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 
← Рўйхатга қайтиш