Ижтимоий тармоқларда “Зангиота-2” ихтисослаштирилган шифохонаси директорининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолисига қилган мурожаати турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Массаса директори Дониер Миразимов юқумли касалликларни даволаш муассасаларига зарур эҳтиёжсиз бормасликка чақирган.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, Зангиота-1 ва 2 ихтисослаштирилган шифохоналарида беморлар сони ҳақиқатдан ҳам кескин кўпайган. Шунинг билан бирга оддий шамоллаш аломатлари бўла туриб, ҳамроҳлари билан келиб, тирбандликни юзага келтираётган фуқаролар ҳам талайгинани ташкил этмоқда. Бу эса Республикадаги эпидемиологик вазият жиддийлишига олиб келиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида ташкил этилган Сovid клиникаларида коронавирус тестини топшириш, ёки ҳар бир туман санитария эпидемиология назорати бўлинмаларида экспресс тест синовлари ўтказиш имкониятлари яратилган.
Коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш ўз қўлимизда. Касаллик ҳали тўлиқ бартараф этилгани йўқ экан шифокорларнинг кўрсатмаларига амал қилиш ва карантин эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишни унутманг. Дунё олимларининг фикрича, эмлаш касалликка қарши курашнинг энг самарали усули ва пандемиядан чиқишнинг ягона йўлидир. Хулоса ўзингиздан