Таълим бу – тараққиёт, таълим бу – нажот!

 

Мамлакатимизда илк Президент мактаблари қурила бошлаганда давлатимиз раҳбари улар бошқа ўрта таълим муассасалари учун андоза бўлишини, таълим муҳитини ўзгартиришини таъкидлаган эди. Бугун шундай бўлмоқда. Жамиятимизда илмга интилиш сезиларли даражада кучайди. Фарзандини яхши ўқитаман деган ота-оналар, ўқишга қизиққан ёшлар сони кўпайди.

Бу Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида таъкидланди.

Маълумотларга кўра, 2019 йилда юртимизда ихтисослаштирилган мактаблар сони 271 тани ташкил этган. Президентимизнинг аниқ фанлар ва хорижий тилларни ўргатишга оид ташаббуслари, қабул қилган қарорлари натижасида математика ва физика фанлари бўйича 126 та, кимё-биология бўйича 87 та, ахборот технологиялари йўналишида 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиб, халқ таълими тизимидаги бундай мактаблар сони 790 тага етди.

Эътиборлиси, уларнинг 135 таси тўлиқ ихтисослаштирилган ва ўз ётоқхонасига эга. Қолган 655 та мактабда атиги 25 фоиз синфларда у ёки бу фан чуқур ўргатилади. Улардаги таълим дастури, ўқитиш методикаси, фан тўгараклари оддий мактаблардан деярли фарқ қилмайди. Мисол учун, математика ёки чет тилига ихтисослашган синфларда 2 соат кўпроқ махсус фан ўтилади, холос.

Қайд этиш керак, бугунги давр талаби, келгусидаги тараққиёт суръатига муносиб бўлиш учун бу етарли эмас. Ихтисослаштирилган мактаблар қамровини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш борасидаги ишларни амалга оширишни изчил давом эттириш керак.

Эътиборли жиҳати, йиғилишда таъкидланганидек, ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилади. Агентлик фақат 14 та мактаб учун тузилмагани, Президент мактабларидаги муҳит, методикани бошқа мактабларда ҳам жорий этиш асосий вазифа эканлиги давлат раҳбари томонидан алоҳида таъкидланди.

Шу боисдан янги ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказиладиган бўлди. Бунда ўша ҳудудда ривожланган тармоқлар, азалдан кучли ўқитилган фанларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Ихтисослаштирилган мактабларга қабул тартиби, ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди. Йиғилишда мактаб таълимини ривожлантиришга маҳаллий ҳокимликлар, университетлар ҳам масъул экани, ўзлари учун истиқболли кадрлар захирасини тайёрлаб бориши зарурлиги таъкидланди. Таълим даражаси, аввало, ўқитувчининг билим ва малакасига боғлиқ. Шу боис ихтисослаштирилган мактабларга раҳбар ва педагоглар икки босқичли танлов асосида қабул қилинади. Президент таълим муассасалари агентлигига ушбу тизим асосида юқори малакали ўқитувчиларни жамлаб, қўшимча ўқитиш, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш топширилди.

Таъкидланганидек, агентликнинг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази негизида илмий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. У ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бир йўналиши бўйича халқаро методика асосида илғор таълим дастурлари ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Бу ишларни самарали ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда Президент таълим муассасалари агентлигининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.

Йиғилишда мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифати пастлигини кескин танқид қилди.

– Ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатмайди. Чунки талабалар ёшлигиданоқ иккита тилни билади. Биз 1-синфдан 11-синфгача чет тилини ўргатамиз. Лекин мактабни битирган болаларнинг неча фоизи шу тилда гаплаша олади?! Бунга давлатнинг қанча пули кетаяпти! Қани натижадорлик, – дея ҳақли савол қўйди Президент.

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги бошқа мактабларда ҳам таълим сифатини ошириш, фанлар ва хорижий тилларни чуқур ўргатиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг таълим тизимига, келажагимиз эгалари – фарзандларимизнинг пухта таълим-тарбия олишига доимий эътибор қаратаётгани алоҳида эътирофга сазовор. Чунки, таълим бу – тараққиёт, таълим бу – нажотдир. Ривожланишимиз, дунё давлатлари орасида тутган ўрнимиз ва обрўйимизни айнан таълим, илм-фан белгилаб беради.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш