Янги Сайловолди дастури инсонпарварлик тамойилларига тўла мосдир

 

Ўзига, илгари сураётган мақсад ва ғояларига ишончи бўлган инсон ён атрофдагиларни ҳам ортидан эргаштира олади. Халқ демократик партияси ҳам ана шундай ишонч билан жорий йилги сайловлар жараёнига қадам қўйди. Буни куни кеча ўтказилган қурултой давомида ҳам кўриш мумкин эди. Ҳар бир иштирокчининг нигоҳида ўз мақсад ва ғояларига ишонч балқиб турарди.

Ўзбекистон ХДП ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Айниқса, Олий Мажлис ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловларга тайёргарлик кўриш борасида самара берадиган таклифлар билдирилди.

Партиямиз раҳбари маърузасида қурултойдан-қурултойгача бўлган даврдаги ишлар чуқур таҳлил этилди, камчиликлар очиқ танқид қилинди. Шунингдек, эътибор қаратишимиз зарур бўлган жиҳатлар кўрсатиб ўтилди. Масалан, партиямизнинг жамоатчилик орасидаги нуфузини ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бугунги сайловчи билан олдингиларининг ўртасида катта фарқ бор, дея кўп давраларда таъкидлаймиз. Камчиликларимизни тан олиб, хулоса қилиб, келгуси режаларимизни белгилаганмиз. Режалар тузилаверади, ваъдалар берилаверади. Аммо аҳоли амалий ишга қараб баҳо беради. Ўз кўзи билан кўрган реал ҳаётдаги воқеликка ишонади. Биз сайловлар жараёнида ана шуни сайловчилар онгига етказишнинг энг таъсирчан йўлларини топишимиз керак бўлади. Шунингдек, ҳаракатни сусайтирмай, фаолликни ошириш ҳам талаб этилади.

Ҳар бир сиёсий партия, аввало, Сайловолди дастурининг ҳаётийлиги ва унинг ижроси билан жамиятда обрў-эътиборга эга бўлади. Шу боисдан ҳам Халқ демократик партияси жорий йилги Сайловолди дастурини тайёрлаш жараёнига ҳам ўзгача ёндашди. Унинг халқчиллигини таъминлаш борасида иш олиб борилди, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар ечими бўйича таклифлар тайёрланди. Қисқаси, мамлакатимиздаги долзарб ижтимоий масалаларга эътибор кучайтирилди.

Партиямиз Сайловолди дастурида бозор иқтисодиёти шароитида энг муҳим масалалардан бири — аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида урғу берилган. Дастур мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, партия ғояси халқимиз табиатига хос бўлган меҳр-оқибат, бағрикенглик, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмаклашиш каби инсонпарварлик тамойиллари билан йўғрилган.

Шунингдек, қурултойда партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўладиган сайлов учун ўз номзодларини кўрсатди. Энди партиямиз ғоялари, дастурий мақсадлари, номзодлар дастурлари тарғиботи кучаяди. Бу биз ҳам ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини оширишга эътибор қаратишимиз лозимлигини англатади. Сиёсий жараёнда барча фаолларимиз, ҳар бир номзодимиз оммавий ахборот воситаларида чиқиши партиямиз имижини яхшилашда муҳим роль ўйнашини ҳам унутмаслигимиз керак. Шунинг учун партиямиз жозибадор қиёфасини шакллантиришда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш чораларини кучайтиришимиз муваффаққият калити бўлиши мумкинлигини унутмаслигимиз шарт, деб ўйлайман.

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш