“Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида тадбир ўтказилди

 

Депутат сайловчилар дардини тинглаш, халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш учун сайланган. Шу нуқтаи назардан улар халқ вакили сифатида одамлар билан тез-тез мулоқот қилиши, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши керак.

Бу фаолиятининг асосий мезони деб билган Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган туман кенгаши депутати Тугмахон Сиддиқованинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви 2-сонли касб-ҳунар мактабида бўлиб ўтди.

“Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари Наманган туман Кенгаши депутатлари, вилоят ва туман партия кенгаши ходимлари иштирок этди.

Тадбир депутат Тугмахон Сиддиқованинг ташаббуси билан мазкур мактабда ташкил этган "Депутатлик қабулхонаси"да аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотидан бошланди. Қабул давомида фуқаролардан 30 та мурожаат тушди, фаоллар томонидан ҳудудга оид 4 та муҳим масала кўтарилди. Барча мурожаатлар депутат томонидан назоратга олинди.

Шундан сўнг партия фаоллари ва депутатлар “Анжирзор” МФЙ ҳудудида яшовчи боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълимга қамровни ошириш масаласида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Бу ерда фуқаро Гулбаҳор Ўрмонжонова ташаббуси билан ташкил этилган "Ғунча" оилавий мактабгача таълим ташкилотида ҳозирги кунда 50 нафар бола тарбияланмоқда. Муассаса фаолияти билан танишув жараёнида болаларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилди, қамровни янада ошириш, сифатли таълим бериш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларнинг хонадонида бандликни таъминлаш ва оила даромадини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишилди.

 

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш