Ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари яратиш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларидан саналади.
Дастурий мақсадларини амалга ошириш, сайловчилар ишончини оқлаш учун мазкур йўналишга партия доимий эътибор қаратиб келмоқда. Чунки, аҳоли бандлиги, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари барқарор даромад манбаи, ҳаёт фаровонлиги, халқ розилиги ва албатта, юрт тинчлиги ва осойишталигининг муҳим омилидир. Тинч, осойишта юрт эса тараққиёт, ривожланиш сари интилади.
Партиямиз томонидан жойларда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг қарийб барчаси аҳоли бандлигини таъминлашга қартилган чора-тадбирларни ўзида қамраб олган. Бу ҳақда гап кетганда, “Ёшларга кўмак”, “Аёлларга кўмак”, “Депутат маҳаллада” ва “Эътиборимиз марказидаги ҳудуд” лойиҳаларини алоҳида таъкидлаш лозим. Партия ташкилотлари ва депутатлари томонидан ҳудудларда ўтказилаётган ушбу лойиҳалар доирасидаги тадбирлар туфайли минглаб юртдошларимиз иш билан таъминланди, касб-ҳунарга ўқитилди, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Энг муҳими, уларда ҳаётга бўлган муносабат ўзгарди, боқимандалик кайфияти йўқолди.
Албатта, партиямиз дастурий ғоя ва мақсадлари, Сайловолди дастурида илгари сурилган ташаббусларга содиқ қолган ҳолда аҳоли бандлигини таъминлаш, барча учун тенг шароитли иш ўринлари яратишга янада кўпроқ эътибор қаратади.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан бандликни таъминлаш, аҳоли, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар ва ногиронлиги бўлган фуқароларни иш билан таъминлаш борасида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг аксарияти яқинда муҳокамаси ниҳоясига етган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасида ўз аксини топган.
Жумладан, мазкур ҳужжатларда аёллар орасидаги ишсизлик даражаси 2 баробар камайтириш, биргина жорий йилнинг ўзида 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бунда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кўмаклашиш мақсадларида субсидиялар ажратиш, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган хотин-қизларга меҳнат қуроллари билан таъминлаш учун субсидиялар ажратиш, ҳар бир ҳудудда “Хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари” ва кластерларни ташкил қилиш, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолиятини такомиллаштириш, минтақавий марказлар очиш чораларини кўриш ҳамда тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни реализация қилишга кўмаклашиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Шунинг билан бирга, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган 12 минг нафар шахсларнинг бандлигини таъминлаш, бу борада Миллий дастур ишлаб чиқиш мақсад қилиб қўйилган. Мазкур лойиҳа натижасида тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан ҳар бир ногиронлиги бўлган шахсларни ишлаши мумкин бўлган касблари тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда “Бандлик хизмати” ахборот тизимига интеграция қилиш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун касбий таълим муассасаларига имтиёзлар бериш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилиши учун имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратиш имконияти яратилади.
Тараққиёт дастури ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг доимий даромадга эга бўлишларига, муносиб турмуш шароити яратишга эришишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан “йўл харитаси”да касбга ўқитиш кўламини 2 баробарга ошириш, жами 1 млн нафар ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш кўламини 2 баробарга ошириш, ҳар йили касб-ҳунарга ўқитиладиган фуқаролар сони, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга оид давлат буюртмасини ишлаб чиқиш ҳамжа маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш масканлари тармоғини кенгайтириб, уларнинг сонини 1000 тага етказиш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, норасмий ишлаётган 450 минг нафар фуқарони бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилади. Бунинг учун яширин иқтисодиётни қисқартиришда жамоатчилик ролини ошириш, норасмий секторда банд бўлган аҳоли ўртасида ижтимоий ҳимояни таъминлаш юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш, меҳнат соҳасидаги мурожаат ва низоларни ўрганиш ҳамда уларни ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида “Меҳнат-М” маркази фаолияти эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида йўлга қўйилади.
Шунинг билан бирга, “Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури” доирасида хориждан қайтган фуқароларни манзилли ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш чоралари кўрилади. Режага кўра, 160 минг нафар хориждан қайтган фуқароларни доимий ва вақтинчалик иш ўринларига ишга жойлаштирилади, касбга ўқитилади ҳамда тадбиркорликка жалб этилади.
Юқорида айтилганидек, мазкур чора-тадбирлар партиямизнинг дастурий мақсад ва ғояларига ҳамоҳангдир. Уларни амалга ошириш, ижросини таъминлашга кўмаклашиш ҳар бир депутат – халқ вакилининг муҳим вазифаларидан бирига айланиши лозим.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.