Халқ бизни ўзгартиради

 

Cўз — ҳоким ёрдамчиларига!

 

Сўзимиз аввалида тан олишимиз керак бўлган аччиқ ҳақиқат шуки, қишлоқ ва шаҳарлар ўртасида тавофутлар, ижтимоий тенгсизлик кузатилади. Жойлардаги вазиятни яхшилаш учун кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур.

Ушбу ислоҳотларни одамларни касб-ҳунарли, ишли қилиш, яъни даромадини оширишдан бошлаш энг мақбул ечим сифатида қаралмоқда. Маҳаллаларда доимий асосда фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Бунинг учун ҳудудлардан номзодлар кўрсатилиб, улар орасидан энг муносиблари саралаб олинмоқда.

Маҳаллаларда иш бошлаган ҳокимлар ёрдамчиларининг айримлари билан боғланишга ҳаракат қилдик.

Ушбу вазифага киришганлар ўз ишидан розими? Улар янги лавозимдаги мажбуриятларини қай даражада англамоқда?

 

Шуҳрат ЗОКИРОВ,

Нурота тумани ҳокими ёрдамчиси:

— 12 январь кунги фармойишга кўра, туманнинг “Авазсой” маҳалласига ҳоким ёрдамчиси этиб тайинландим. МФЙ учта қишлоқдан иборат бўлиб, 396 та хонадонда 602 оила бор. Уларда 2250 нафар аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда хонадонма-хонадон 40 фоиздан ортиқ аҳолини хатловдан ўтказишга эришдик. Дастлабки ўрганишларга кўра, 15-20 фоиз аҳолининг ишга ва ёрдамга эҳтиёжи бор.

Чекка ҳудуд бўлгани боис асосий драйверимиз чорвачилик ва иссиқхонага йўналтирилган бўлиб, қишлоқдагилар бу борада кичик бўлса-да тажрибага эга. Хатловни уч қатламга бўлган ҳолда олиб борамиз. Яъни, шароити оғир, ўрта ва юқори турувчиларга ажратилади. Биринчи урғуни камбағал қатламга қаратяпмиз. Уларнинг яшаш тарзи, шароити ва муаммоларини ўрганяпмиз. Аввало, кредит олишга истаги борларга ёрдам беришни мақсад қилганмиз. Чунки уларда тушунча бор, ўз режасига эга. Фақат мутахассислар маслаҳати ва маблағга эҳтиёж сезади.

Қуёнчилик, асаларичилик йўналишларига ҳам қизиқиш билдираётганлар бор. Ҳар бир фуқаро билан индивидуал тартибда ишлаб, уларга фаолиятини тўғри ташкил этиш, маблағнинг қандай ва нималарга сарфланиши бўйича қўшимча маълумотлар бериш дастлабки босқичда режалаштирилган чоралардир.

Шу кунгача маҳаллада 70 га яқин иссиқхона қурилган бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи субсидия асосида бунёд этилган. Иссиқхоналарнинг аксариятида редиска етиштирилмоқда. Уларнинг реализацияси билан бир тадбиркор шуғулланади. Ўша тадбиркор иссиқхонани қуриб, редисканинг уруғигача келтириб беради, аҳолининг вазифаси эса уларни парваришлашдан иборат. Маҳсулотларнинг кўп қисми Тошкентга сотиляпти.

Маблағ жиҳатдан олсак, бир сотихлик иссиқхона 12 миллион сўмга тушмоқда. Уч йил ичида бу кредит тўлиқ қопланади. Кейинги даромад 100 фоиз оиланинг ўзига қолади.

Ушбу маҳаллада ишсизлик сони кўпроқ бўлгани учун иссиқхона ва чорвачиликдан ташқари бирор-бир ишлаб чиқаришга ҳам эҳтиёж бор. Ана шунда хотин-қизлар бандлиги таъминланади. Шу сабабли тикув цехи бунёд этиш ҳаракатини ҳам бошладик.

 

Зокир РЎЗИЕВ,

Касби тумани ҳокими ёрдамчиси:

— “Соҳибкор” МФЙда 1300 та хонадон бўлиб, уларда 7400 нафар аҳоли истиқомат қилади. Декабрь ойида ушбу вазифага масъул этиб бириктирилган бўлсам, ҳозирга қадар 30-40 фоиз аҳолини хатловдан ўтказиб бўлдик. Шу ой якунига қадар кўрсаткични 100 фоизга етказиш ниятидамиз.

Аграр ҳудудга киргани боис, бу ерда асосан чорвачилик, асаларичиликни ривожлантириш кўзда тутилган. Тўғрисини айтганда, бунинг учун ёшларда билим етишмаслигини кузатдим. Шу сабабли кўпчилик мавсумий қурилиш ишларида даромад топади. Биламизки, қишлоқнинг белини тик тутадиган йўналиш бу деҳқончилик ва чорвачиликдир. Бироқ бугун улар ҳам ортга кетган. Яхши ҳосил, кутилган даромад олинмагач, одамларнинг кўнгли совиган. Бунинг сабаби эса уларда шу соҳада билим ва тажриба етарли эмас.

Шу боис ишни ёшларни ўқитиш, қайта тайёрлашдан бошламоқчимиз. Масалан, тикувчилик навбатчи вариант бўлиб қолди. Натижада бозорини топишга қийналиб қоламиз. Шунинг учун заргарлик, пайвандлаш йўналишларида ҳам курслар ташкил этамиз. Қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳам яхши, деб бўлмайди. Масалан, бизда базўр 30-35 центнер ҳосил олинса, хориж тажрибасида бу кўрсаткич 70-90 центнергача кўтарилади. Бунинг сабаби ўзимизда етарли билим ва инновация бўлмаганида, деб биламан.

Умуман, ҳар бир муҳим йўналишда, тадбиркорликми, касаначилик ёки пазандачиликми замонавий билимларни қўллаш, фаолият турини кўпайтириш ва кенгайтириш бўйича ўзимизга йўл харитасини белгилаб оляпмиз. Бунинг учун тажрибали мутахассисларни жалб қилиш ниятимиз бор. Шунингдек, “бир маҳалла, бир маҳсулот” тамойили асосида битта кўчани паррандачиликка йўналтирсак, бошқасини асаларичилик, чорва, кичик ишлаб чиқариш, пазандачилик каби ихтисосликларга ажратган ҳолда иш олиб борамиз.

Айни пайтга қадар кузатишларимиздан маълум бўлдики, одамларда қизиқиш бор. Фақат туртки керак, қўллов керак бўлади. Бир сўз билан айтганда, асосий ишимиз, катализатор вазифасини бажариб, одамларни меҳнат ва даромадга йўналтиришдан иборат.

Бандлик йўналишида 4 йил раҳбар бўлиб ишлаган бўлсам, сайёр қабулларда қатнашган эканман, лекин халқнинг ичига кириб бормаганимни ҳис қилдим. Уларнинг ҳақиқий ҳаёти билан танишиш имконим ошди, қарашларим ўзгарди. Чунки одамлар билан кўришганимда уларнинг умид билан қарашларини сездим. Ўз режа ва мақсадларини амалга ошириш учун воситачи сифатида баҳо беради, ишонч билдиради. Авваллари қилган ишларимда бироз юзакилик кузатилганини ҳам тан олишим керак. Одамларнинг, халқнинг ичига кириш нималигини шу ишга ўтгач, англаб етдим. Яна бир жиҳати, малакамни оширади ва келгуси карьерам учун хизмат қилади, деб ўйлайман.

Хатлов жараёнида ёнма-ён юрган депутатлар, маҳалла раислари, бандлик ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳам ёрдами катта бўляпти. Ҳоким ёрдамчисининг 90 фоиз вазифаси бандликка кўмаклашиш марказларининг иши эканини ҳам таъкидлаш лозим. Айни пайтда маҳалланинг ҳар бир вакили бўйича паспортларни тайёрлаб оляпмиз. Қўлимиздаги хатлов асосида ишларимизни ташкил этамиз ва яқин уч ой ичида натижа кўрсатишни мақсад қилиб турибмиз.

 

Маҳбуба МАМИРОВА,

Жиззах шаҳар ҳокими ёрдамчиси:

— Амир Темур маҳалласига 10 январдан расман ҳоким ёрдамчиси сифатида тасдиқландим. Ҳудудда 9000 дан ортиқ аҳоли 1480 хонадонда истиқомат қилади. Хатлов якунига қадар уларнинг сони ортиши ҳам мумкин. Чунки янги маҳалла бўлгани боис кўчиб келувчилар давом этмоқда. Шу кунгача 200 дан ортиқ хонадонда хатлов ўтказган бўлсак, уларнинг деярли барчасида сабрли, шукри бор инсонлар экани кишини қувонтиради.

Ушбу вазифага номзоди қўйилган 4 киши эдик. Бир неча йиллар давомида Шароф Рашидов туманида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида биринчи ўринбосар, хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси сифатида ишлаганман. Шулар инобатга олинганми, билмадим, менинг номзодим танланибди. Чунки фаолиятим давомида одамлар билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиш, хотин-қизлар билан ишлаш асосий вазифаларимдан саналган. Ҳозирча Жиззах шаҳридаги 34 маҳалланинг иккитасида аёл киши ёрдамчи сифатида иш бошладик.

Маҳалламиз тоғолди ҳудудда жойлашгани боис асосий драйверимиз чорвачилик ва паррандачиликка йўналтирилган. Саволномалар жамланган китоб берилган. Ана шу асосда одамларнинг яшаш тарзи, хоҳиш-истакларини ўрганиб боряпмиз. Масалан, кимнинг тадбиркорлиги бор, кимни соғлиги ёки иш билан боғлиқ муаммо қийнайди, умуман, кимга қанақа кўмак кераклиги бўйича йўл харитаси тузиб чиқяпмиз. Барча “дафтар”ларга киритилган кишилар билан бирма-бирма суҳбат қилинади. Йўл-йўлакай касб-ҳунарга ўқитиш ва бошқа масалаларда ёрдам бериб кетилмоқда.

Айни пайтга қадар 5 нафар хотин-қиз иссиқхона ташкил этишда ёрдам сўради. Уларнинг бу борада тажрибалари бўлмагани боис дастлаб бепул равишда ўқитилади ва опа-сингилларимиз курсларни бошлади.

Биласизми, аёл кишига қийин эмасми, деган саволни беришяпти. Қандай бўлишидан қатъи назар, муҳими, ишни бошладик. Одамлар умид билдиряпти, ишоняпти. Баъзилар “Сайловолди учрашувларда ҳар бир хонадонда Президент вакили юради, дейилганди, ўша сизлармисизлар?” деб қабул қилишмоқда.

Яна бир гап. Қўлида коллеж ёки олий таълим муассасасининг дипломи билан иш сўраётганлар ҳам учрамоқда. Уларга мутахассислиги бўйича иш ўрни ваъда қила олмаймиз. Лекин бошқа таклифлар беряпмиз. Истаганлар ўз бизнесини бошлайдиган бўляпти. Хоҳиши йўқлар АРГОС тизимида вакант ўринлари ҳақида маълумотларни кузатиб боряпти.

Бир сўз билан айтганда, мажбурлаш, бирор бир ишга одамларнинг истагисиз ундаш йўқ. Ҳар бир фуқаронинг хоҳишлари ўрганилиб, қўлидан нима келишига қараб, тақсимланмоқда. Соҳа бўйича иш топа олмаётганлар даромад манбаига эга бўлишни жон, деб исташмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 19.01.2022, №3

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш