«Меҳр дафтари» – меҳрга муҳтожлар учун

 

Ота-боболаримиз азалдан етим есирларни, камбағал ва бечорларнинг бошини силаб, уларга ёрдам кўрсатган, қўллаб-қувватлаган. Бу анъана асрлар оша давом этиб келиш баробарида, миллий қадрият даражасига айланиб кетган десак хато қилмаган бўламиз. Эътиборлиси, ота-она меҳридан бенасиб бўлган болаларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳам таҳсинга сазовордир.

Барча ислоҳотлардан кўзланган мақсад “Инсон қадри учун!” деган шиор илгари сурилган мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш борасида мутлақо янги тизим жорий этилди. Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, ушбу тоифага кирувчи болалар учун «Меҳр дафтари» жорий этилади. Ушбу ҳужжат билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларни уй-жой ва иш билан таъминлаш каби масалалар тартибга солинади.

Қайд этиш керак, «Меҳр дафтари»га киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади ҳамда жорий йилнинг 1 февралига қадар мазкур ахборот тизими ишга туширилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда ҳокимларнинг қарори билан «Меҳр дафтари»дан чиқарилади. Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Бандлиги таъминланмаган ҳолатларда, дафтарда туриш муддати бандлиги таъминлангунча, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари «Меҳр дафтари»ни шакллантиришга масъул ҳисобланади. Халқ таълими вазирлиги ўз тизимидаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Республика болалар ўқув-тарбия муассасалари ва Оилавий болалар уйлари, ССВ ўз тизимидаги Болалар уйлари, «SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари» ўзининг тарбияланувчилари ва битирувчилари, туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари томонидан васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни «Меҳр дафтари»га киритади.

«Меҳр дафтари»га киритилган болаларни қўллаб-қувватлаш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбаси ва Миллий гвардия, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан мувофиқлаштирилади.

Биз, Ўзбекистон ХДП тизимидаги масъуллар Ҳукуматнинг мазкур қарорини тўла қўллаб-қувватлаб, мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини жойларда аҳоли орасида кенг тарғиб қилишимиз, шунингдек, унда белгиланган вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишимиз лозим. Жумладан, етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни белгиланган тартибда “Меҳр дафтари”га киритиш ва чиқариш, ўз вақтида уларни уй-жой ва иш билан таъминлашда кўмаклашишимиз ҳамда мазкур ишларни ташкил этиш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз зарур.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида ижтимоий ҳимоя масаласи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Зеро, инсон қадри, шаъни эъзозланган юртда фаровонлик, хотиржамлик, энг асосийси, тинчлик барқарор бўлади.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш