Бизга қандай депутат керак?

 

Сайловчилар ҳам, депутатликка номзодлар ҳам, қолаверса, сиёсий партиялар ҳам жиддий имтиҳон арафасида турибди. Бу имтиҳондан қандай ўтишимиз, аввало, ҳар биримизнинг фаоллигимизга боғлиқ. Шу ўринда савол туғилади: бизга қандай депутат керак? Уларнинг сайловолди дастурида қандай масалалар акс этиши лозим?

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Самарқанд вилоятида “Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш” мавзусида ташкил этилган семинарда иштирокчилар ана шу саволлар атрофида мулоҳаза юритишди.

Семинарни ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси Мажидхон Усмонов кириш сўзи билан очди:

– Бу йилги сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Чунки бугун демократик жараёнлар тобора чуқурлашиб, фуқаролик жамияти ривожланиб боряпти. Одатда сайловчи сайловнинг тақдирини ҳал қилади. У бугун кимни депутат этиб сайлашни, ўз овозини қайси номзодга беришини яхши билади. Унинг мустақил қарашлари, эътироф ва эътирозлари ҳам бўлиши табиий. Шундай экан, сайловчилар ишончини қозониш учун депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурини ҳар томонлама пишиқ ва пухта тайёрлашимиз керак.

Семинарда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев сайлов округидаги муаммоларни ўрганиш ва уларни партиядан кўрсатилган номзоднинг дастурида акс эттириш масалалари ҳақида фикр ҳамда тавсияларини билдирди. Депутатликка номзодларнинг ишчанлик қобилияти, ташкилотчилик ва ташаббускорлик имкониятларини кенгайтириш лозимлиги такъидланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини самарали ва эсда қоларли шаклда ташкил этиш масалалари юзасидан ўз тавсияларни берди.

Семинар якунида партиямизнинг тарғибот-ташвиқот ишларида фаол қатнашган кишиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш