Парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида Қонунчилик палатасининг 2021 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди ва келгуси режалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фракцияси ўз фаолиятида мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат юритилиши, эҳтиёжманд фуқаролар манфаатлари ҳимоя қилиниши, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги таъминланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ҳудудларда “маҳаллабай” тартибидаги ишларнинг изчил натижалар бериши, эҳтиёжманд фуқароларнинг касб-ҳунар ўрганиши, малака ошириши, ўз ишини йўлга қўйиши тўғридан-тўғри Халқ демократик партиясининг сиёсий мақсадларига хизмат қилади. Биз бу жараённинг ичида туриб иштирок этишимиз, камчиликлар ва муаммоли ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўришимиз зарур.
Мамлакатимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шу билан бирга, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар янги даражага кўтарилмоқда. Мана, шу кунларда Президентимизнинг Тараққиёт стратегияси тўғрисидаги фармони лойиҳаси жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олиниб, атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжатда давлат ҳокимиятини халққа янада яқинлаштириш, сиёсий партиялар, депутатлик бирлашмаларининг таъсир кучи ва аҳамиятини ошириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Давлат халққа хизмат қилиши шарт, деган қатъий ғоя Халқ демократик партиясининг сиёсий мақсадлари билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.
Партиямиз дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун барча ваколатлардан самарали фойдаланишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистон ХДП фракцияси ва Марказий Кенгашининг қўшма мажлисида фракция фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, 2022 йил учун вазифалар белгилаб олинди.
Биринчидан, ҳисобот даврида фракция аъзоларининг жойларда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани танқид қилинди ва ушбу йўналишда ишларни кучайтириш бўйича чоралар белгиланди.
Иккинчидан, мамлакатимизда адолатли ижтимоий сиёсат юритиш масаласи фракциянинг қонун ташаббускорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятининг асосий йўналиши бўлади.
Учинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси ишлаб чиқилишида фаол иштирок этишни мақсад қилганмиз. Бу масалада ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича масъул давлат органини белгилаш жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз. Нимага? Мисол учун, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ваколатига киритилган. Лекин айни дамда ушбу давлат органларининг ҳеч бири мувофиқлаштирувчи вазифаларни бажармайди. Масъул орган аниқ бўлмаса, ижтимоий ҳимоя соҳасида самарадорликка эришиб бўлмайди.
Самарали ишлайдиган ижтимоий суғурта тизимини яратиш лозим.
“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлашни янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.
“Ўзбекистон овози”, 19.01.2022, №3