Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, Ҳукумат томонидан Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. Дастур ижросини таъминлаш ва доимий мониторинг олиб бориш учун яхлит тизим яратилган. Давлат дастурининг 273 та бандидан 243 таси тўлиқ бажарилган ва қолган 30 та банднинг ижросини таъминлаш учун тегишли чоралар кўрилган.
Хусусан, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,4 фоизга ўсишига эришилган. Бунда ялпи ички маҳсулот таркибида саноат 8,7 фоизга, қурилиш ишлари 6,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,0 фоиз ўсган. Давлат бюджетининг жами харажатлари 188,7 трлн. сўмни ташкил этиб, унинг 92.6 трлн сўми ижтимоий соҳаларга йўналтирилган. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 7 800 та қишлоқ ва маҳаллалардаги 45 567 та объектда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Ҳисобот даврида ипотека дастури асосида 632 та кўп қаватли уй қурилиб, 32 503 та оила уй-жой билан таъминланди. 11 800 та оилага 284 млрд сўмлик субсидия ҳамда 4,8 трлн сўмлик ипотека кредити ажратилган. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 23,5 трлн сўм маблағ эвазига 2173 та объект фойдаланишга топширилган.
Ҳисобот фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди. Депутатлар янги иш ўринлари яратиш орқали бандликни таъминлаш, таълим муассасаларини жиҳозлаш, қишлоқ шифокорларига устама тўланиши борасидаги айрим муаммоли масалалар бўйича Ҳукумат вакилларига мурожаат қилдилар.
Ҳукуматнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботи депутатлар томонидан маъқулланди.
Фракция йиғилишида, шунингдек бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, фракция аъзолари томонидан “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Мазкур қонун бежиз қабул қилинмаяпти. Ўрганишлардан маълум бўлишича, кўп квартирали уйлардан фойдаланишнинг техник хавфсизлик қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпайган. Кўчмас мулк эгалари томонидан уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилмалар барпо этилганлиги аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан кўчмас мулк эгаларига ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органи томонидан мажбурий кўрсатмалар берилган. Бироқ, ўзбошимчалик билан барпо этилган ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этишга оид судларга аризалар тақдим этишда олдиндан давлат божи тўловидан озод этилмаганлиги боис ушбу мазмундаги материалларни судларга тақдим этишда бирмунча қийинчиликларга дуч келинмоқда.
Қонунни қабул қилиш орқали коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида, шу жумладан кўп квартирали уйларни сақлаш ва ундан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашишда инспекиция иштирокини янада кенгайтириш йўли билан кўп квартирали уйлардаги муҳандислик-техник коммуникацияларини ва уйнинг конструктив қисмлари таянч қобилияти ва зилзилабардошлилигини сақлаб қолиш ҳамда кўчмас мулк эгаларининг хавфсиз яшашига шароит яратиб берилишига ва бугунги кунда соҳада учраб турган кўплаб муаммолар ҳал этилишига эришилади.
Депутатлар йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳаларини партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари, электорат манфаати нуқтаи-назаридан маъқулладилар.
Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил I ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан партия фракцияси томонидан билдирилган таклифлар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати