Излаган имкон топар...

 

Мамлакатимизда  ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг  муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашга  алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши томонидан Тўрақўрғон туманида ушбу мақсадда “Аёлларга кўмак” лойиҳаси доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди.

Тадбир иштирокчиларнинг халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгаши депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон Мирзаева ташаббуси билан “Чусткўприк”  маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бўш турган бинода ташкил этилган “Эзгу-Мадина-ният” хусусий корхонаси фаолияти билан танишувидан бошланди. Айни пайтда бу ерда тикувчилик корхонаси, нонвойхона, сартарошхона ишлаб турибди. Биргина тикувчилик корхонасига “Аёллар дафтари”да рўйхатида турган хотин-қизлардан 12 нафари ишга олинган.

– Дастлаб 4 дона тикув машинаси билан корхона фаолиятини бошлаган бўлсак, ҳозирда тикув машиналаримиз сони 10 тага етди, – дейди депутат Халчахон Мирзаева. – Корхонамизда ишга қабул қилинган барча хотин-қизлар уйда ўтирган, бандлиги таъминланмаган эди. Эндиликда уларни жамиятнинг фаол аёллари сафидан жой олди, десам муболаға бўлмайди. Улар томонидан тикилган мавсумий кийимлар бугунги кунда бозорда ўз харидорларига эга.

Тадбир доирасидаги навбатдаги ўрганиш “Қўшқайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Алишер Ахмедов раҳбарлигидаги “Суғдиёна” тўқимачилик  оилавий корхонасида ўтказилди. Корхона мавсумий  устки кийимлар тикишга ихтисослашган бўлиб, ҳозирда бу ерда илгари бандлиги таъминланмаган 18 нафар  хотин-қиз меҳнат қилмоқда.

Ушбу маҳаллада шундай ибратли оила борки, бу ҳақда тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Бу ўринда Жавлонбек  Қўшбоевнинг оиласи назарда тутилмоқда. Оилага карашли мўъжазгина томорқанинг бир сотихида саримсоқпиёз, бир сотихида лимон етиштиришга ихтисослашган иссиқхона ташкил этилган. Бунинг ортидан касб-ҳунари бўлмаган икки нафар келиннинг ҳам бандлиги таъминланган.

–  Оиламиз тўкинлиги, рўзғоримиз кам-кўстга муҳтож эмаслиги фақат тинимсиз меҳнатимиз орқали. Кенжа ўғлим Абдулазиз турмуш ўртоғи билан иссиқхоналардаги саримсоқ ва лимонларни парваришлаб, бозоримизга етказиб бермоқда. Бундан ташқари, зотдор қорамол, қўйларимиз, товуқлар ҳам бор, - дейди оила бошлиғи Жавлонбек Қўшбоев. – Ҳозирда бир дона автомобилимиз бор. Яқинда яна биттага кўпаяди. Буларнинг барчасига томорқадан келаётган даромад орқали эришмоқдамиз.

Лойиҳа доирасида олиб борилган ўрганишлар давомида хотин-қизларнинг бандлиги таъминлаш ва уларнинг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш борасида таклиф ва тавсиялар тайёрланди.

 

Сарвиноз ЭШАЛИЕВА,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш