Мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлашга инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг мақбул йўлларидан бири сифатида қаралмоқда. Айниқса, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ушбу йўналишдаги фаолиятида жамоатчилик қабулхоналари алоҳида ўрин тутади.
Сирдарё вилоятида яшовчи Э.Яхшибоева партия Марказий Кенгашининг жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилиб, Боёвут туманида истиқомат қилишини, бир нафар фарзанди борлигини, кам таъминланган оилалар рўйхатида туриши, шифокорлар хулосасига кўра фарзандида жарроҳлик муолажаси ўтказиш зарурлигини, бироқ тиббий муолажа учун маблағи йўқлигини, ушбу масалада ёрдам кўрсатишни сўраган.
Мурожаат Ўзбекистон ХДП Боёвут туман кенгаши, аризачи истиқомат қиладиган “Бекат” маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари ҳамда профилактика инспектори томонидан ўрганилганда, баён этилган ҳолатлар исботини топди. Шундан сўнг, кўрилган чоралар натижасида халқ депутатлари Боёвут туман Кенгашининг тегишли қарорига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 1 миллион сўм пул маблағ ажратилди. Айни пайтда маҳалла комиссияси, округ депутати Ш.Раҳматуллаев томонидан тиббий муолажа харажатларини қоплаш учун маблағ ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши