Кеча, 25 январь куни мамлакатимизнинг қарийб барча ҳудудида электр энергия таъминотида узилишлар юзага келди.
Президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир раҳбарлигида ҳукумат комиссия тузилди. Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди.
Алоҳида таъкидлаш керак, энергетика, коммунал, транспорт ва бошқа мутасадди соҳа ходимлари билан бирга ҳуқуқ-тартибот идоралари кучайтирилган иш режимига ўтказилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги туғруқхоналар, COVID шифохоналари каби тиббиёт муассасаларини зудлик билан электрогенераторлар билан таъминлаш чораларини кўрди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ижтимоий, саноат объектлари ва аҳоли хонадонларини электр қуввати билан таъминлаш республика бўйича деярли тиклаб бўлинди.
Кутилмаган, фавқулодда электр қувватидан ялпи узилиш юз берган пайтда, ҳаво совуқ бўлишига қарамай, хизмат бурчини аъло даражада бажариб, давлат ва фуқаролар хавфсизлиги, осойишталигини таъминлашда куч, ғайратини аямаган барча-барчага чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Аҳолига амалга оширилаётган ишлар, реал ҳолат ҳақида зарур маълумотларни етказиб турган, жамоатчилик орасида ваҳима ва турли миш-мишлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилган барча фидойилар, ОАВ ходимлари ва блогерлар хизматини ҳам эътироф этамиз.
Ушбу фавқулодда ҳодиса электр қуввати нақадар муҳим экани, бу соҳада ислоҳотларни кучайтириш учун зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Кеча рўй берган ҳодиса ва унинг оқибатида юзага келган мураккаб вазият давлат ва халқимиз ўртасида ижтимоий бирдамлик қанчалик аҳамиятли эканини ҳам кўрсатди. Халқимиз синовли пайтда сабрли бўлиб бирлаша олди.
Энг муҳими, бахтсиз ҳодиса ва талофатлар қайд этилмади. Бу каби кутилмаган ҳодисалардан ҳеч бир давлат кафолатланмаган. Ўйлаймизки, мутасадди идоралар кеча кузатилган ҳолатни чуқур таҳлил этади ва тезкор чоралар кўради.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати