Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини 1991 йил 27 декабрда тан олган. 1992 йил 2 январда эса икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Шу тарзда, Ўзбекистон дунёнинг қудратли давлатларидан бири – Хитой билан сиёсий, иқтисодий, савдо, илм-фан ва маданий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алқаларини ривожлантириб келмоқда.
Бу борада икки ҳамкор давлат ўртасида имзоланган “Дўстлик ва ҳамкорликнинг шерикчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома”, “Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация”, “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома)”, “Ўзбек-Хитой ҳамкорлигини янада кучайтириш тўғрисидаги қўшма декларация” ҳамда “Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув битими” каби икки томонлама муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий негизини ташкил этувчи 220 дан ортиқ ҳужжатлар муҳим омил бўляпти.
Шунинг билан бирга, икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари баржа даражадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб янги уфқлар очмоқда. Ҳозирда Ўзбекистоннинг савдо соҳасидаги шериклари орасида Хитой иккинчи ўринни эгаллайди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой турли лойиҳалар, аввало, юқори технологиялар соҳасидаги йирик инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги саммитида сўзлаган нутқида давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларига юқори баҳо берди. Жумладан, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар ўтган даврда жадал ва барқарор тус олганини таъкидлади.
– Ўтган 30 йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар жадал ва барқарор тус олди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистоннинг Хитой билан товар айирбошлаши 30 йилда 140 карра кўпайди. Хитойнинг иқтисодиётимизга инвестициялари ҳажми 2017 йилдан буён беш баробар ортди. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткичлар мавжуд улкан салоҳиятни тўлиқ акс эттирмаяпти. Бугун Хитой – бу нафақат “глобал фабрика”, балки “глобал бозор” ҳамдир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириб турувчи устунликларини ҳисобга олган ҳолда ушбу имкониятлардан максимал даражада фойдаланишдан манфаатдормиз, – деди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.
Анжуманда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган етакчиси тўсиқларсиз савдони таъминлаш ҳамда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришнинг умумий маконини шакллантиришга қаратилган Янги “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусига алоҳида қизиқиш билдирилди. Унга кўра, “Хитой – Марказий Осиё” йўналишида узлуксиз юк оқимини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун тизимли ечимлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан саммит давомида яна бир қатор таклиф ва ташаббуслар ҳам илгари сурилдики, уларнинг ҳар бири Марказий Осиё – Хитой муносабатларини изчил ривожлантириш, янги босқичга кўтариш ва ишга солинмаган имкониятлардан унумли фойдаланиш масалаларини қамраб олади. Хусусан, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида IT-парклар негизида “Интеллектуал Ипак йўли” қўшма платформасини яратиш, Марказий Осиё мамлакатларидан Хитойга тўсиқларсиз савдони таъминлаш ва тайёр маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича манзилли чоралар кўриш, Хитой технологияларини жалб қилган ҳолда минтақа мамлакатлари импорт қилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун умумий саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш маконини шакллантириш кўзда тутилган Янги “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқоти қўшма стратегиясини ишлаб чиқиш, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида Хитой тажрибасига эътибор қаратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳамкорликда “экологик тоза ривожланиш”ни дастурларини амалга ошириш каби таклифлар илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари 2026 йилга қадар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия генерацияси улушини 25 фоизга етказиш, 2030 йилгача эса парник газларини чиқаришни 35 фоизга қисқартиришни режалаштирилганини маълум қилиб, “Яшил Ипак йўли” ташаббуси доирасида муқобил энергетика, қуёш ва шамол электр станциялари учун бутловчи қисмлар ва ускуналарни маҳаллийлаштириш, тармоқ учун кадрлар тайёрлаш соҳаларига Хитой инвестициялари ва технологияларини жалб қилиш бўйича ҳамкорлик “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этди.
Ўзбекистон етакчиси маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш халқларимизнинг янада яқинлашишига хизмат қилишини таъкидлаб, келгуси йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилиш ташаббусини билдирди ва билдирилган таклифлар саммит иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди.
Саммит якунида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларига доир умумий ёндашувлар акс топган Қўшма баёнот қабул қилинди.
Мухтасар қилиб айтганда, Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг бўлиб ўтган онлайн саммитида муҳокама қилинган масалалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар томонлар ўртасида дўстлик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги манфаатлари алоқаларни янада ривожлантиришга, янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.