Янги тараққиёт ва миллий юксалиш

 

Кеча Президентимиз раислигида давлат ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. Бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди.

 

Танзила НОРБОЕВА,

Олий Мажлис Сенати раиси:

– Эндиликда Сенат қўмиталарининг маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари билан фаолияти мувофиқлаштирилади. Бундан ташқари, стратегияда давлат бошқарув органлари фаолиятини фуқарога хизмат қилиш тамойили асосида шакллантириш кўзда тутилган.

Мазкур ҳужжатга асосан, давлат бошқарув тизими тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Ташкилотларни ташкил қилиш, уларни тугатиш тартиблари, фаолият мезонларини назарда тутувчи ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилади. Жойларда аҳолидан манфаатлар тўқнашуви юзасидан жуда кўп эътирозлар бўлади. Уларнинг олдини олиш ишларига кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилиш ҳам кўзда тутилган.

Яна бир йўналиш бу – ихчам, профессионал, адолатли юқори натижаларга хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш масаласи. Вазирлик ва идораларга ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилишда кўпроқ мустақиллик бериш, шароитлар яратиш масаласи акс эттирилган. Шу билан бирга, уларнинг ижро интизомини кучайтириш ҳам эътиборга олинган.

Сенаторлар, депутатлар қонунларни кўриб чиқиш билан бирга, ўз ишларини сайланган ҳудудларида ташкил этишади. Шуларнинг барчасини назарда тутадиган, ҳали бизнинг республикамизда мавжуд бўлмаган Концепция – Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш Концепцияси ҳам ишлаб чиқилади. Президентимиз давлат халққа хизмат қилиши шарт ғоясини илгари сурмоқда. Мана шу ғояни ҳаётга татбиқ этишни назарда тутувчи халқчил давлат миллий дастури амалга оширилади. Бундан ташқари, стратегия доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасининг ахбороти Олий Мажлис палаталарида эшитиб борилади. Ҳукумат билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Тараққиёт стратегияси давлатимиз учун аҳамиятли бўлган барқарор ривожланиш мақсадлари ва 130 дан ортиқ индикаторларига тўла мос келади. Стратегия ва унга илова қилинаётган дастурнинг сўзсиз ва сифатли бажарилиши 2026 йилга келиб, БМТ томонидан эълон қилинган барқарор ривожланиш мақсадларини ҳам сўзсиз бажарилишига хизмат қилади.

 

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари:

– Ўзбекистонда ижтимоий демократик давлат бунёд этиш бўйича бутунлай янги давр бошланмоқда. Тараққиёт стратегиясида камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг доимий даромадга эга бўлиши учун шароит яратиш масалаларига устувор аҳамият қаратилган. Халқимиз фаровонлиги йўлида белгилаб берилган мақсад ва вазифалар ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, қайси соҳа вакили бўлишимиздан қатъи назар зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича масъул давлат органини белгилаш стратегияда назарда тутилаётган муҳим янгилик эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Кўмакка муҳтож ва нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш кўзда тутилмоқда. Бу борада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган 12 минг нафар шахсларнинг бандлигини таъминлаш, бу борада Миллий дастур ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Унга кўра, тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан ҳар бир ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблари тўғрисидаги маълумотларни “Бандлик хизмати” ахборот тизимига киритиш йўлга қўйилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун касбий таълим муассасаларига имтиёзлар бериш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилиши учун имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратиш имконияти ҳам яратилади.

Белгиланаётган ҳар бир вазифа, ҳар бир йўналиш замирида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш мақсади мужассамлашган. Халқига хизмат қилган давлатгина қудратли бўлади.

 

“Ўзбекистон овози”, 27.01.2022, №4

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш