Янги ташаббуслар ҳамкорликни мустаҳкамлайди

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги саммитида иштирок этиб, Хитой ва минтақа давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор таклифларни билдирди.

Жумладан, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Хитой - Марказий Осиё” йўналишида узлуксиз юк оқимини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун тизимли ечимлар ишлаб чиқиш муҳимлиги ва шу мақсадда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасини жорий йилдаёқ амалга оширилишини бошлаш таклифи, ўзаро савдони ривожлантириш ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги ҳамкор мамлакатларга инвестициялар оқимини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон етакчиси томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус бугунги пандемия шароитида Соғлиқни сақлаш ва юқумли касалликларга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналишлардан биридир. Вакциналар ишлаб чиқиш, синаш ва ишлаб чиқаришда Хитой билан ҳамкорликни давом эттириш таклифи икки давлат учун ҳам манфаатлидир.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш вазифасига тўхталиб, унинг ечимини аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти деб атади. Шу муносабат билан Ўзбекистон аграр тармоқни модернизация қилиш, шўрланган ва шўрхок ерларда экинлар етиштириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасида ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш масалаларида Хитой билан ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлиги маълум қилинди.

Президентимиз мамлакатимизда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шўрларини ювиш, унумдорлигини ошириш, замонавий суғориш тизимларини жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда изчил чора-тадбирлар амалга ошириилаётганини қайд этиб, пандемия даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бораётган эҳтиёжларини таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бу борада тезкор қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга чақирди. Шу мақсадда, БМТ Бош Ассамблеясининг пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусни биргаликда илгари суриш таклиф этилди.

Юртбошимиз келгуси йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилиш, унда асосий эътиборни академик ва талабалар алмашинуви дастурларига, ёшлар форумлари ва спорт мусобақаларини ўтказишга қаратиш таклифининг илгари сурилиши эса, ШҲТ давлатлари ўртасидаги муносабатларни янада жипслашишга ёрдам беради.

Саммит доирасида барча соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўлами янада кенгаяди. Иккинчидан, иқтисодий, савдо-инвестициявий алоқалар янги босқичга кўтарилади. Ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий, хавфсизлик ва туризм соҳаларидаги алоқалар ҳам янада мустаҳкамланади. Бундай дўстона алоқалар ташкилотга аъзо барча мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам жуда фойдалидир. Давлатимиз раҳбарининг саммитдаги ташббускорлиги дунё ҳамжамияти томонидан алоҳида ҳурмат билан эътироф этилаётгани ҳам бизга фахр-ғурур бағишлайди.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш