Марказий осиёнинг юраги

 

Яқин қўшничилик ҳамда дўстлик тамойилларига асосланган фаол ва прагматик сиёсат. Бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда танлаган йўли бўлиб, шу орқали минтақада мамлакатлар билан ҳамкорлик муносабатлари ривожланишига эришилмоқда. Аввало, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларда жадал ўсишлар кузатиляпти. Бундан ташқари, глобал экологик масалалар, нефть, газ ва бошқа қатор йўналишларда истиқболли келишувларга эришилмоқда. Умуман олганда эса минтақада мутлақо янгича ёндашувда сиёсий муҳит юзага келди.

Фикримизнинг исботи сифатида куни кеча бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарлари саммитини айтишимиз мумкин. Хитой Халқ Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган видеоанжуман ҳамкорлик муносабатларини яна бир поғона кўтаришга хизмат қилади. Доимий равишда ташкил этиб келинаётган учрашувлардан кўзланган мақсад эса минтақада хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашдан иборатдир.

Саммитда асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Самарали ҳамкорликни таъминлаш учун нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ва қайси йўналишлар истиқболли бўлиши мумкинлиги хусусида мулоҳазалар билдирилди. Айтиш керакки, мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий салоҳиятини ошириш, сиёсий ҳамда гуманитар соҳаларда тараққиётга хизмат қилувчи келишувларга эришишда бу каби мулоқотларнинг аҳамияти катта. Шу маънода, бўлиб ўтган саммит ва унинг келгусида кутилаётган натижалари сиёсатшунослар, олимлар, халқаро ҳамжамият томонидан муҳокамалар ҳамда қизиқишларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон ХДП фаоллари ва депутатлар ҳам бу борада ўз фикрларини билдиряпти.

 

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Бугун дунё тўртинчи саноат инқилобига шиддат билан ўтиши билан бир вақтда таҳликалар ҳам ортмоқда. Биз ҳам шиддат билан ривожланиш учун бор имкониятларимизни ишга солишимиз ва бу жараёнларга муносиб тайёрланишимиз керак. Шундай шароитда нафақат мамлакат иқтисодини балки, бутун минтақа иқтисодини ўйлаган Президентимиз онлайн саммитда катта ташаббуслар билан чиқди.

Чунки бизнинг Марказий Осиёдаги ўрнимиз беқиёсдир. Бунга инкор қилинмайдиган сабабларни келтириш мумкин. Масалан, Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга ягона давлат эканлигимиз ва жаҳоннинг бирор-бир йирик куч марказлари билан умумий чегарамиз йўқлиги катта ютуғимиз. Тўғридан-тўғри денгизга чиқолмайдиган жаҳондаги иккита давлатдан бири эканимиз эса денгиз йўли орқали савдо қилиш имкониятимизни чеклайди. Шу боис давлатимиз раҳбари Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон транспорт коридори лойиҳасини шу йилдан кечиктирмасдан бошлашни таклиф этди. Бу лойиҳа бундан қарийб 25 йил олдин ишлаб чиқилган, лекин баъзи сабабларга кўра, амалга ошмай қолган эди. Лойиҳа ишга тушса, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон ўртасидаги товар оқимини ҳаракатлантирадиган асосий “қон томир” вазифасини ўтайди. Агар Хитой Марказий Осиёнинг асосий энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланиши инобатга олинса, масаланинг моҳияти янада ортади.

Яна бир жиҳати, бугун рақамли технологиянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Хитой бу соҳада ҳам яхши тажрибага эга. Демак, рақамли иқтисодиёт ва савдони ривожлантириш, электрон ҳукумат, блокчейн ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш соҳасидаги манфаатли шерикликни ривожлантириш ҳам муҳим саналади. Шу мақсадда IT парклари негизида қўшма “Интеллектуал Ипак йўли” платформасини яратиш таклифи киритилди.

Умуман олганда, Хитой тажрибасидан оқилона фойдаланиб, қай бир соҳага тадбиқ этсак ҳам халқимиз учун катта ютуқ бўлади. Қайси давлат билан қандай ҳамкорлик қилишдан қатъи назар, албатта, бу миллий манфаатларимиздан келиб чиққан бўлиши керак, деб ўйлайман.

 

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

— Қўшни мамлакатлар билан ўзаро савдо-сотиқ ривожланиши минтақанинг инвестицион жозибадорлиги ошишига замин яратмоқда. Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг ўзаро дўстона муносабатлари минг йилликка бориб тақалади. Икки халқ бир-бири билан ўзаро савдо-сотиқ, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларида ҳамоҳангликни кўришимиз мумкин. Биргина “Буюк ипак йўли” тарихдан икки миллат ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожланишида муҳим аҳамият касб этган. Халқаро ва минтақавий ўзаро боғликлик масалалари Марказий Осиё, жумладан, денгиз портларига бевосита олиб чиқувчи йўлга эга бўлмаган мамлакатимиз учун долзарб саналган. Шу боисдан Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

Бўлиб ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари ҳамкорликда амалга оширилган ишларни эътироф этар экан, ушбу йўналишдаги фаолиятни янада ривожлантириш мақсадида стратегик аҳамиятга эга бўлган долзарб таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масаласига алоҳида урғу берилди. Боиси савдо ва инвестициявий ҳамкорлик аъзо давлатлар учун муҳим аҳамиятга эга. Мисол учун, ўтган давр мобайнидаги фаолиятга назар соладиган бўлсак, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг Хитой билан товар айирбошлаши 30 йилда 140 карра кўпайишига туртки бўлди. Хитойнинг иқтисодиётимизга инвестициялари ҳажми 2017 йилдан буён беш баробар ортди.

Давлатимиз раҳбарининг тўсиқларсиз савдони таъминлаш ҳамда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришнинг умумий маконини шакллантиришга қаратилган янги “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси бу борадаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Шуни айтиш керакки, сўнгги бир неча йил ичида Хитой мамлакатимиз иқтисодиётининг энг йирик сармоядорларидан бирига айланди. Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, юртимизда бугунга келиб, Хитой капитали иштирокидаги 1900 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Кейинги тўрт йилда ўзлаштирилган Хитой сармояси 6,47 миллиард доллардан ошди.

Шу боисдан, Президентимиз Хитойни “глобал фабрика”, “глобал бозор”, деб атади. Бугун мамлакатимиз Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой иқтисодиётининг бир-бирини тўлдириб турувчи устунликларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу имкониятлардан максимал даражада фойдаланишдан манфаатдор.

 

 

Анвар ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ташқи давлатлар билан логистика тармоғини ривожлантириш муҳим масала ҳисобланади. Бу борада ҳам Президентимиз долзарб таклифни илгари сурди. Хусусан, “Хитой – Марказий Осиё” йўналишида узлуксиз юк оқимини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун ечим ишлаб чиқиш лозим. Чунки транспорт инфратузилмаси нафақат мамлакат ичида, балки ташқи фаолиятда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожида алоҳида аҳамият касб этади.

Юк оқимининг узлуксизлигини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини янада ривожлантириш зарур. Бунда “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш кун тартибига олиб чиқилди. Маълумки, “Хитой – Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли янги “Буюк ипак йўли” режасининг муҳим қисми ҳисобланади. Бу йўл Хитойнинг Хинжианг провинциясидаги Қашғарни Қирғизистоннинг Қорасуви орқали Ўзбекистоннинг Андижон вилоятига туташтиради. Бу лойиҳа Ўзекистонга савдо ҳамкорларини кўпайтиришга ёрдам беради.

Бу нима учун долзарб?! Нега деганда, бугунги кунда “Буюк ипак йўли” бўйлаб жойлашган давлатларда қарийб 3 миллиард аҳоли истиқомат қилади. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу иқтисодий майдон катта кўламга эга. Ўзбекистон учун бу жуда муҳим бўлиб, шу орқали халқаро савдода янада кўпроқ улушга эришиш мумкин. Бундан ташқари, Тошкент Марказий Осиёнинг йирик логистик марказига айланади.

Бир сўз билан айтганда, Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг ҳамкорлиги минтақада иқтисодий-ижтимоий фаолликни оширишга, янги имкониятлар эшиклари очилишига хизмат қилади.

 

“Ўзбекистон овози” мухбирлари

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Аҳмад ҚУРБОНОВ тайёрлади.

“Ўзбекистон овози”, 27.01.2022, №4

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш