Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш халқаро майдонда эътироф этилмоқда

 

Расмий статистикага кўра, 2021 йилда 6294 нафар шахс томонидан 7953 та коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. Шундан, давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ ҳолда 3050 нафар шахс томонидан 4186 та коррупцион жиноят ҳисобга олинган.

Бу албатта, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётгани натижасидир. Юртимизда жиноятнинг мазкур турига қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, “Transparency International” халқаро ташкилоти 2021 йил учун «Коррупцияни қабул қилиш индекси»нинг янгиланган рейтингида Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллаган. Республикамиз мазкур индексда сўнгги беш йил давомида барқарор ўсиш (2016 йилда 21 баллдан 2020 йилда 28 баллгача) қайд этиб, минтақадаги тез суръатларда яхшиланиб бораётган давлатлар қаторида эътироф этилди.

Бундай натижага эришиш мустаҳкам сиёсий ирода, тизимли ўзгаришлар туфайлидир. Жумладан, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, уларнинг фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатиш, давлат хизматига ишга қабул қилишнинг ошкора механизмларини йўлга қўйиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини бюрократия ва инсон омилисиз кўрсатиш масалалари изчил равишда такомиллаштириб борилмоқда. Шунинг билан бирга, жамоатчиликда коррупция иллатига нисбатан тоқатсиз муносабат шаклланмоқда.

Бироқ, мамлакатимизнинг мазкур рейтингдаги ўрнидан билиш мумкинки, коррупцияга қарши курашда ҳали қилиниши керак бўлган жуда кўп ишлар бор. Айрим соҳаларда, хусусан таълим ва тиббиёт соҳаларида коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши юқори даражада қолмоқда. Ҳокимият идораларида ҳам бу борадаги аҳвол мақтагулик эмас ва мансабдорлар томонидан бу турдаги жиноятларга қўл уриш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Яширин иқтисодиёт, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини очиқлаш, манфаатлар тўқнашуви масаласида ҳам ечимини кутаётган долзарб муаммолар бор.

Энг муҳими, таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашишда мустаҳкам сиёсий ирода бор, жамоатчилик назорат кучайиб бормоқда. Фуқароларнинг дунёқараши, онги ижобий томонга ўзгариб бораяпти. Буларнинг барчаси жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит шаклланмоқда. Мухтасар қилиб айтганда, ислоҳотлар, тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияга қарши курашда асло ортга қайтилмайди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш