“Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”

 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишида 35 миллиондан зиёд кўп миллатли халқимиз дунёдаги ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва обод жамият қуришдек улуғвор мақсадлар билан яшаётганини, жонажон Ўзбекистонимизнинг узоқ муддатга мўлжалланган истиқболи билан боғлиқ бўлган ўта муҳим масалани ҳал қилиш кун тартибида турганини, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда “Инсон қадри учун” тамойили барча ислоҳотларимизнинг бош мезони сифатида белгилаб олинганини таъкидладиқ.

“Давлат – инсон учун” деган эзгу ғояни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистонннинг тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, стратегияда мақсадлар аниқ қўйилганлиги билан аҳамиятлидир.

– Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз. Бу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғиниѓа айлантириш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади, – деди Президент.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда маҳалла ўзининг чинакам мазмун-моҳиятини, миллий руҳини намоён этиб, тарбия масканига, қадриятлар бешигига айланиб бормоқда. Жамиятдаги пок ижтимоий муҳит маҳалла ва оиладан бошланиши табиийдир. Бу албатта, Президентимиз томонидан маҳалла тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасидир.

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда: “Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, “маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт. Бундан буён маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади”, – дея алоҳида таъкидлади.

Президент нутқида маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарурлиги, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имкони яратилиши, бунда маҳалла раисига маҳаллий Кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш лозимлиги маълум қилинди.

Мухтасар қилиб айтганда, охирги беш йилда маҳалла тизимини ривожлантириш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, 50 дан ортиғи такомиллаштирилди. Маҳалла институтининг жамият ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март – “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилинди. Бу чора-тадбирларнинг барчаси аҳолининг осойишталигини таъминлашда, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқишда, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда маҳалланинг ролини оширишга хизмат қилади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш