Депутатлар ҳукумат ҳисоботини қандай баҳолади?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида депутатлар “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботини эшитишди, атрофлича муҳокама қилишди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилди:

– Коронавирус пандемиясининг республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,4 фоизга ўсишига эришилди.

Бюджет даромади 164,7 трлн. сўмга ижро этилган бўлса, давлат бюджети харажатлари 188,7 трлн. сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 92,6 трлн. сўмни ташкил қилди. Ушбу харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,9 фоизга ошган.

Давлат инвестиция дастури доирасида 5,9 млрд. долларлик 318 та йирик ва аҳамиятли лойиҳалар ҳамда ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 7,4 млрд. долларлик 15 170 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 273,7 мингта янги иш ўрни яратилди.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида белгиланган 23,5 трлн. сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилиб, 2 минг 173 та объект фойдаланишга топширилди. Хусусан, 573 та умумтаълим, 282 та мактабгача таълим, 171 та тиббиёт, 48 та спорт, 18 та маданият муассасаси, 205 та кўча, 150 та ичимлик ва оқова сув, 86 та йўл ҳамда 179 та ирригация ва мелиорация объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди.

Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2021 йилда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида республика бўйича умумий қиймати 7,2 трлн. сўмлик 1 898 та лойиҳа амалга оширилган ҳолда, янгидан 21 минг иш ўрни яратилган.

Аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш мақсадида 115,4 минг нафар иш билан банд бўлмаган фуқаро 40 та йўналишдаги касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилиб, 85,6 минг нафар фуқаро касбга ўқитиш курсларини муваффаққиятли якунлаб, сертификатларга эга бўлган.

Эътиборли жиҳати, республикада 8 849 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиши туфайли болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 6,1 фоизга оширилди. Мактабларда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 2020 йилдаги 16,6 фоиздан 22,3 фоизга етди. Мактаб битирувчиларининг олийгоҳларга кириш натижаси 2020 йилга нисбатан 1,7 бараварга ёки 51 минг нафарга ошди.

Ҳисобот эшитувидан сўнг қизғин ва танқидий руҳдаги савол-жавоблар бўлди.

 

Шоҳиста Турғунова,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш орқали ҳар бир қишлоқ ва маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартириш бўйича муайян ишлар қилинган. Давлат дастурининг 77-бандида онлайн портал яратиш лойиҳаси назарда тутилган эди. Бироқ мана шу жараён тўлақонли амалга оширилмади. Бош прокуратура томонидан жойларда мониторинг ўтказилгани билан, ҳар бир фуқарога ёки мана шу ҳудуддан сайланган депутатлар учун онлайн мониторинг қилиб бориш имконияти яратилмади. Чортоқ туманидаги “Бештол” маҳалласида давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмас. “Боғистон” маҳалласидаги 140 ўринли мактабгача таълим ташкилотида эса 200 нафардан ортиқ бола тарбияланади. Лекин бу масканда таъмирлаш ишлари назоратга олинмаган. Бу йил тумандаги мана шу маҳаллалар дастурга киритиляптими, йўқми, жараённи онлайн мониторинг қилиш имконига умид қилсак бўладими?

Жавоб: Бу дастурлар ижроси жуда муҳим. Жорий йилда ҳам мазкур вазифалар устувор йўналишлардан бўлиб қолади. Савол ҳақиқатан ҳам ўринли. Дастур маҳаллалар ҳолати ўрганилиб, ичимлик суви, ижтимоий соҳа объектларини инобатга олган ҳолда тузилади. Йўл ва сув учун республика бюджетидан алоҳида маблағ ажратилди. Ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш учун республика ва маҳаллий бюджетлардан тенг бўлакда маблағ ажратилган. Ўрганиб чиқиш давомида “Бештол”да ростдан ҳам МТТ мавжуд эмас ва бундай маҳаллалар ҳамон борлигини айтиб ўтиш керак. Шундай бўлса-да, ушбу ҳудудда 3 та нодавлат МТТ мавжуд. Келгусида ҳудудий ҳокимликлардан янги қурилишларни инвестиция дастурига киритишга алоҳида эътибор қаратишларини илтимос қилардик.

Онлайн мониторинг қилиш масаласида эса шуни айта оламизки, бу йил мазкур дастурларни шакллантириш жараёнлари онлайн платформа қилиб киритиб борилади...

Савол-жавоблардан сўнг депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқуллади. Ҳукумат фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда қизғин муҳокама этилди.

 

– Мазкур ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тартибга солиш предмети ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс”, деб ўзгартирилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шербек Бўронов. – Шунингдек, маънан эскирган, амалда ўз аҳамиятини йўқотган ёки фуқаролик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган 33 та маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексдан чиқарилмоқда. Объектив эҳтиёждан келиб чиқиб, 12 та янги турдаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Мисол учун, қонун лойиҳаси билан маъмурий жазо чоралари тизими такомиллаштирилиб, ўз аҳамиятини йўқотган, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ашёнинг ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш жазоси маъмурий жазо тизимидан чиқариляпти.

Коррупция ҳолатларига имкон берувчи омилларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида нақд пулда жарима ундириш тартиби бекор қилинмоқда. Шунингдек, қатъий маъмурий жарималар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг минимал ва максимал миқдорини белгилаш орқали жарималарни пасайтирган ҳолда амалдаги жазолар либераллаштирилмоқда...

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги ва сансалорлигининг олди олинади, маъмурий ҳуқуқбузарликларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш институти жорий этилади.

Йиғилишда, шунингдек, “Кибер хавфсизлик тўғрисида”ги ва “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 27.01.2022, №4

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш