Фармон ижроси нега бажарилмаяпти?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинган эди.

Таъкидлаш жоиз, кун тартибидаги масала сиёсий партияларнинг парламентдаги барча фракциялари мажлисларида атрофлича муҳокамалардан ўтди. Фракциялар йиғилишларида депутатлар Ҳукумат аъзоларидан ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ жавоблар олдилар. Жумладан, Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида чекка ҳудудларда тиббий хизмат кўрсатиш масаласи кўтарилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлоқо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг 6-бандида 2021 йилдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари учун "Қишлоқ шифокори" дастури жорий этилиши белгиланган.

Дастур доирасида тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ҳамда бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй жойлари берилади ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ойлик ижара тўловлари давлат бюджетидан компенсация қилиниши белгиланган.

“Қишлоқ шифокори” дастурини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган. Бироқ, жойларда Президент фармони бекаму кўст бажариляпти, деб бўлмайди. Мисол учун, Жиззах вилояти, Янгиобод туманида жойлашган “Сармич” оилавий шифокор пунктига Фарғона вилоятидан келиб ишлаётган умумий амалиёт шифокорига юқорида айтилган маблағ ҳанузгача берилмаган.

Бундан ташқари, “Сармич” оилавий шифокор пункти депутатлик сўровидан кейин капитал таъмирланган бўлсада, керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланмаганлиги натижасида оддий жиҳозлар етишмаслиги беморларга муолажалар олишида ноқулайликлар туғдирмоқда.

Давлат дастурининг бажарилиши муҳокамасида республика бўйича чекка қишлоқларга бориб ишлаётган шифокорлар масаласини мониторинг қилиш таклиф этилди. Шу тарзда фармон ижроси таҳлил қилинади, пандемия шароитида оиласидан узоқда ишлаётган шифокорлар ҳолидан хабар олинади. Албатта, мазкур масала партия депутатлари назоратида бўлади.

 

Муқаддас Уразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш