Инсон қадрини улуғловчи дастур

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида Янги Ўзбекистоннинг "2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишини юртдошларимиз катта қизиқиш билан кузатди.

Сабаби, Давлат дастурида аввалги йиллардаги дастурлардан фарқли ўлароқ, мутлақо янги ёндашув қўлланилиб, ислоҳотлар натижадорлигини тараққиётнинг мақсадларига эришганлик даражаси асосида баҳолаш тизими ва Президентимиз белгилаб берган “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган улуғвор ғоя негизида барпо этилмоқда.

Дастурнинг халқчиллиги шундаки, унинг лойиҳаси ишлаб чиқилгач, аҳоли ўртасида кенг ва атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокама қилиш давомида фуқаролардан 17 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди ва Давлат дастурини такомиллаштириш жараёнида 300 дан ортиқ янги ташаббуслар киритилди.

Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида қарийб 100 та мақсадларга эришиш назарда тутилмоқда. Юртбошимиз ижтимоий йўналишдаги асосий вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Маълумки, болага эътибор, мактабгача таълимга бўлган эътибордан бошланади. Шу мақсадда, болаларни мактабгача таълимга қамров даражаси 80 фоизга етказилади. Бугунги кунда таълим тизимида катта муаммога айланиб улгурган ўқувчи ўринларини етишмаслигига ечим топиш мақсадида, мактабларни ривожлантириш миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади.

Мамлакатимизда ёшларни олий таълимга қамраб олиш йилдан йилга ошиб бориши натижасида, уларнинг ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб бормоқда. Шу мақсадда, юртимиздаги олий ўқув юртларининг нуфузли халқаро рейтингларга кириши, хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойи барпо этилиши ҳам муҳим вазифалардан биридир.

Шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифатини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, рақамли тиббиётни кенг жорий қилиш орқали аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланиш даражасини янги босқичга олиб чиқади. Хусусан, бюджетдан дори воситалари ва тиббий буюмларга ажратилган маблағлар 3 баравар оширилади.

Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 33 фоизга етказиш, Олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш орқали халқимизнинг соғлом турмуш тарзи мустаҳкамланади.

Мухтасар айтганда, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади. Мазкур чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида фуқароларимиз тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши, уларнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиб, мамлакатимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш