Коррупция — ижтимоий барқарорлик кушандаси

 

Жорий йилнинг 26 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид вазифалар батафсил муҳокама қилинди, амалга ошириладиган ишлар аниқ белгилаб берилди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳаётида ғоят муҳим давр – янги тараққиёт ва миллий юксалиш даври бошлангани, стратегияни бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқилгани алоҳида эътироф этилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари тараққиёт стратегияси йўналишлари қаторида коррупцияга қарши кураш ҳақида ҳам гапириб ўтди ва бу – ижтимоий барқарорлик кушандаси экани, олдиндаги вазифаларни бажаришда талаб қаттиқ бўлишини таъкидлади.

Давлат тузумини ичидан емирадиган бу иллат ҳақиқатдан ҳам барчамизни сергак торттириши, унинг ортидан келадиган кўнгилсизликлар, жамият ривожига тўсиқ бўладиган ҳолатларнинг олдини олиш масалалари ҳақида чуқур ўйлашимиз керак бўлади.

Коррурция аслида ҳаётимиздаги оддий ҳолатлар, одатий вазиятлардан тортиб, кези келганда катта, кенг кўламдаги жараёнларда кузатилади. Бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Давлат миқёсида ажратиладиган маблағларнинг аниқ мақсадларга сарфланмаслиги, кўзланган манзилга тўлиқ етиб бормаслиги, ёки айрим суд ишларидаги адолатсизликлар, ерларнинг сотилиши, умуман, қайси жабҳада бўлмасин, коррупция бўлар экан, бундан халқ, жамият, мамлакат зарар кўради. Одамларда бир-бирига ишончсизлик, давлат бошқарувига нотўғри қараш, раҳбар ходимларга нисбатан норозилик кайфияти шаклланишига олиб келади. Ҳар бир сўзимиз, ҳар бир хатти-ҳаракатимиз жамиятга, одамлар қалбига қандай таъсир кўрсатишига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.

Бу иллат билан курашиш ҳар биримизнинг вазифамиз, фуқаролик бурчимиз. Олдимиздаги вазифалар катта. Коррупция балосига қарши, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига қарши барчамиз кескин кураш олиб боришимиз керак. Бизга ишонч билдирган халқимизнинг фаровон турмуши, мамлкатимизнинг ёрқин келажаги учун Президентимиз таъкидлаганидек, бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшиб, ҳақиқий фидойилик намунасини кўрсатиб ишлашимиз керак.

 

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш