Одамларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш депутатнинг фаолият мезони бўлиши зарур

 

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда бўлмоқда. Учрашувлар давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга ахборот беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, қонунлар ижроси, сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар ва уларни ҳал этиш чоралари депутатлар диққат марказида бўлаяпти.

Навбатдаги учрашувни ўзим сайланган Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Боғолони”, “Тадбиркор”, “Нурафшон”, “Ободон” маҳалларидан бошладим. Ҳудудларда Президент томонидан жорий этилган ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан яқиндан танишдим. Бугунги кунда улар томонидан олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топишдаги амалий ҳаракатларни кузатиш имконига эга бўлдим.

Ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилаётгани, уйма-уй юриб одамларни ўйлантираётган, қизиқтираётган масалалар билан яқиндан танишилаётгани ҳақида айтиб ўтишди. Фуқаролар бандлигини таъминлаш юзасидан сўровномалар тўлдирилаётгани таъкидланди. Буларнинг барчаси, албатта, халқимизни ҳаётдан рози яшаши, турмуши янада яхши бўлиши учун хизмат қилади.

Учрашув давомида тумандаги 13- ҳамда 27-умумтаълим мактабларида бўлиб, ходимлар билан суҳбатлашдим, шарт-шароитларни ўргандим. 27-мактаб жойлашган “Тадбиркор” маҳалласида яшовчи аҳоли вакилларидан мактабга қўшимча бино қуриб бериш бўйича мурожаат бўлганди. Шундан келиб чиқиб, Халқ таълими вазирлигига депутатлик сўров юборгандим. Бу билан ушбу билим масканини жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурига киритилишига муваффақ бўлдик.

Ўтган йили эса 13-мактабнинг Давлат дастурига киритилишига эришгандик. Ташриф давомида ушбу таълим масканида олиб борилаётган таъмирлаш ишларини ўргандик. Бир сўз билан айтганда, бундай учрашувлар депутатларни халқ билан янада яқинлаштиради. Ҳудудлардаги камчиликлар бартараф этилишга ҳиссамиз қўшилиши, одамларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш имконини беради.

 

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш