Барча ислоҳотлар халқ фаровонлиги учун

 

Бугун 35 миллиондан зиёд кўп миллатли халқимиз ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва фаровон жамият қуришдек улуғ мақсадлар билан яшамоқда. Бу борадаги мақсад ва режаларимиз Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да белгилаб берилган.

Ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жорий йилги “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича Давлат дастури лойиҳаси ҳам янги стратегиядан келиб чиқиб тайёрлангани барчамизга яхши маълум. Очиқ муҳокамалар жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклифлар олинган. Улар таснифланиб ва умумлаштирилиб, дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ ташаббуслар билан тўлдирилган. Давлатимиз раҳбари халқимизга бундай фаоллиги, ислоҳотларга ишончи ва дахлдорлиги учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас, инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш назарда тутилаётганлигини тушунишимиз лозим эканлиги Президент томонидан алоҳида таъкидланди. “Бу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғиниѓа айлантириш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади", – деди Президент.

Маълумотларга кўра, тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбир кўзда тутилган. Йиғилишда давлатимиз раҳбари барча саъй-ҳаракатлар ва маблағлар ҳар бир маҳаллага аниқ етиб бориши, оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 та устувор йўналишнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, энг муҳим жиҳатларини айтиб ўтди. Хусусан, маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, халқ билан мулоқот тизимини такомиллаштириш, ҳудудий дастурларни жамоатчилик фикри асосида амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг натижасида, хотин-қизларнинг ўқиши ва ишлаши учун имкониятларни янада кенгайтириш орқали улар орасидаги ишсизлик даражаси 2 бараварга қисқаририши мумкинлиги, айниқса қувонарлидир.

Иккинчи йўналиш ҳақида сўз борар экан, “қонун устуворлиги индекси” юқори даражада бўлган давлатлар қаторидан жой олиш энг асосий вазифалардан экани таъкидланди. Шу мақсадда мулк ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш, маъмурий судлар ваколатларини кенгайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш бўйича янги тизим яратилади.

Йўлларда хавфсиз шароит яратиш, транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш учун ҳаракатларни бошқариш тўлиқ рақамлаштирилади, ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқитиш тизими кучайтирилади.

Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш чоралари кўрилади. Жумладан, Стратегияда иқтисодиёт тармоқларини комплекс ва жадал ривожлантириш, замонавий иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгилаб берилган. Мисол учун, келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 баравар кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 баравар қисқартириш режалаштирилган.

Илм-фан ва инновациялар, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этиш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини 2 баравар ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш имконияти бор. Шунингдек, келгуси беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шу жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш мўлжалланган.

Ижтимоий йўналишда ҳам бир қатор асосий вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, келгуси беш йилда мактабларда қўшимча 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратилади ҳамда дарсликлар янгиланади. Давлат ва хусусий боғчаларни кўпайтириш орқали мактабгача таълим қамрови 80 фоизга етказилади. Олий ўқув юртларининг нуфузли халқаро рейтингларга кириши, хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойи барпо этилиши ҳам муҳим вазифалардан. Шунингдек, бирламчи тиббий хизматлар сифатини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, рақамли тиббиётни кенг жорий қилиш зарурлиги таъкидланди. Дори воситалари ва тиббий буюмлар учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар 3 баравар оширилиши белгиланди.

Маънавият соҳасига оид чора-тадбирлар муҳокама қилинар экан, 12 мингдан зиёд кутубхона имкониятларидан самарали фойдаланиш, мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш муҳимлиги қайд этилди. Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 33 фоизга етказиш, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш каби бир қатор масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз тараққиёт стратегияси ва йиғилишдаги топшириқларга доир ҳужжатларни пухта ишлаб чиқиш, уларнинг ижроси ҳақида кенг жамоатчиликка ҳисобот бериб бориш талабини қўйди. Ушбу масалалар ҳар биримизга дахлдор эканлигини унутмаслигимиз ва юрт тараққиётига ҳисса қўшиш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланиши керак.

 

Нуриддин ХОЛМАТОВ,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш