Вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мажлислар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгашининг II пленуми бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят Кенгаши масъуллари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига кўрсатилган номзодлар, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Пленумда ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Зулфия Тўйева маъруза қилди.
Таъкидландики, халқ фаровонлигини таъминлаш, оилалар, айниқса, эҳтиёжманд оилалар иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш вазифасини ўзига устувор билган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ҳамда ижтимоий демократик ғоялар асосида жамиятимизда барқарорликни таъминлайди. Ислоҳотларни амалга ошириш, ривожланиш учун барқарор ижтимоий вазиятни тақдим этади. Зеро,ижтимоий демократик давлат қуриш инсониятнинг азалий орзусидир. Энг муҳими, ушбу ғоялар партия ҳимоя қилаётган ижтимоий қатлам манфаатидан келиб чиқиб белгиланган.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мазкур ғояларга асосланиб партия дастури ва янги Сайловолди дастурини ишлаб чиқди. Ушбу Дастур сайловда партиянинг асосий ташриф қоғози ҳисобланади, албатта.
Пленумда Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутатлигига Ўзбекисон ХДП Бухоро вилоят кенгашидан номзодлар кўрсатилди ва ҳар бир номзод пленум аъзоларига таништирилиб, партия фаолларининг фикр ва мулоҳазалари эшитилди.
Пленум ишида энг муҳим масала, яъни Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят Кенгаши Ижроия Қўмитасига, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашига кўрсатилган номзодлар рўйхатига аниқликлар киритиш ваколати берилди.
Тадбир сўнггида келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши ахборот хизмати