Ижтимоий тармоқларда Адлия вазирлиги томонидан шовқин таъсири учун компенсация тўлови ҳуқуқий механизмини жорий этиш ҳақидаги таклиф кенг муҳокама қилинмоқда.
Айтиш лозимки, кейинги йилларда инсонларни шовқин таъсиридан ҳимоя қилиш ва шовқинга қарши курашиш зарурати халқаро миқёсда тан олинмоқда. Бугунги кунда қатор хорижий мамлакатларда шовқинга қарши кураш махсус қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган. Бундан ташқари, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 2021 йил 5 октябрда бўлиб ўтган 48-сессиясида инсоннинг хавфсиз, тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи умуминсоний ҳуқуқ сифатида эътироф этилган резолюция қабул қилинди.
Табиийки, бу миллий қонунчилигимиз ҳамда жорий амалиётни ўрганишни тақозо этди ҳамда унинг натижалари юртимизда фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш бўйича қатор муаммолар йиғилиб қолганини кўрсатди. Унга мувофиқ, автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш тавсия этилган. Бу тавсия холос ва масъул идоралар билан бирга шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича бошқа таклиф ва ташаббуслар қатори ўрганиб чиқилиб, сўнг бир қарорга келинади.
Таъкидлаб ўтиш зарурки, ривожланган мамлакатларда шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш мақсадида йўлларда автомобилларнинг шовқини даражасини қайд этувчи радарлардан кенг фойдаланилади. Бу хайдовчидан янада масъулиятни бўлишни, автомобилини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиб туришни талаб қилади. Мамлакатимиз йўлларида автоҳалокатлар сони ортиб бораётганини инобатга олганда бу каби янги инновацияларни жорий этиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Қолаверса, саломатлик ва хавфсизлик масаласи ҳар бирмизнинг ҳаётимизга даҳлдор.