Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ҳамда “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керак, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда фракция йиғилишида кўриб чиқилганда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, депутатлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилган эди. Қонун лойиҳаси ушбу таклифлар инобатга олинган ҳолда иккинчи ўқишга киритилган.
Қонун лойиҳаси 6 боб, 42 моддадан иборат бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари белгилаб берилган. Ўрни келганда қайд этиш керак, қонун жисмоний ва юридик шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, шунингдек давлат органлари ва муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг доимий фойдаланишида бўлган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонуннинг 4-моддасида қайси мақсадларда ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйиш ҳолатлари жамоат эҳтиёжлари ҳисобланиши санаб ўтилган. Унга кўра, мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерлар бериш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш, фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш, республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари, давлат инвестиция дастурларида белгиланган давлат таълим, тиббиёт, маданият ва тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш муассасаларининг бино ва иншоотларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуриш назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш каби бир қатор мақсадлар белгилаб қўйилган. Ер участкаларини ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилиши эса жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш деб талқин этиш тақиқланади.
Муҳокама жараёнида депутатлар ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйилиши, компенсация, келишув, ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаси масалалари бўйича фикр, мулоҳаза ва таклифлар билдирдилар.
Қонун лойҳаси фракция аъзолари томонидан иккинчи ўқишда маъқулланди.
Кун тартибида кўрилган бошқа қонун лойиҳаларига ҳам электорат манфаати юзасидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирилди.
Йиғилишда фракция фаолиятига доир масала ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати