Инсон қадри бу ҳар бир фуқаронинг турмуш тарзи, ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигининг таъминланганлигидир. Мамлакатимизда инсон қадри ҳар нарсадан улуғ ва устунлигини давлатимиз раҳбари ҳар доим таъкидлайди ва ушбу масалага доимий эътибор қаратиб келмоқда. Буни 2022 йилнинг номланиши мисолида ҳам кўрсак бўлади.
Ўзбекистоннинг келажаги, эртангги куни эса ёшлар қўлида. Шундай экан, эртанги кунимиз учун бугундан бошлаб ҳаракат қилишимиз, ёшларни етук, баркамол, буюк тафаккурга эга билимли инсонлар қилиб тарбиялашимиз ва таълим беришимиз зарур. Таълим ва тарбияда эса устоз, ўқитувчилар асосий ўринни эгаллайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида таълим соҳаси ислоҳотлари хусусида атрофлича тўхталиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари таълим-тарбиянинг ҳаётимиз, келажагимизда тутган ўрни ҳақида гапира туриб: "Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда. Тақдиримиз муаллимлар қўлида", – деб алоҳида таъкидлади.
Бу сўзлар замирида катта маъно, ўқитувчиларимизга бўлган чуқур эҳтиром ва ҳурмат мужассам. Бундан умрини ёш авлод тарбиясига бағишлаган ҳар инсон ғурурланиши, фахрланиши табиий. Негаки, улар бу касб хор қилинган, ўқитувчилар йиғим-теримга, кўча тозалашга, ҳатто қурилиш ишларига жалб қилинган ҳолатларга ҳам кўп марта гувоҳ бўлдилар. Бугун эса ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ бўлмаган барча ишлардан озод этилиб, унинг иш жойи мактаб, синф хонаси, вазифаси – фарзандларимизга таълим-тарбия бериш экани қатъий қилиб белгилаб қўйилди. Энг муҳими, соҳадаги ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда.
Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмаганидай, ўқитувчилар орасида ҳам касбига лоқайдлик билан қарайдиган, қирқ беш дақиқа давомида ўқувчиларни синф хонасида шунчаки ушлаб ўтирадиганлари ҳам йўқ эмас. Лекин бугунги кун, бугунги таълим тизимидаги ўзгаришлар натижасида бундай ўқитувчилар соҳадан четга чиқиб қолиши табиий. Чунки, таълимга хиёнат – келажакка хиёнат демакдир.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтдики, у айни ҳақиқатдир. Яъни, мактаб иши фақатгина Халқ таълими вазирлигининг зиммасидаги вазифа эмаслигини алоҳида таъкидлади. Бу билан эртанги кунимиз, келажагимизга барча соҳа вакиллари масъул эканлигини маълум қилди. Шундай экан, барчамиз эртанги кунимиз учун қайғуришимиз, Президентимизнинг халқимиз, миллатимиз келажаги учун амалга ошираётган ишларида елкадош бўлишимиз лозим.
Сайёра Имамова,
Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорги Кенгеси депутати.