Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан вилоят марказида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, кўча ва автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, соҳада учраётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижаси Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши доимий комиссиясида кўриб чиқилди. Қайд этилишича, Бухоро шаҳар ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан кўча ва автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқ-тарғибот ишларини самарали ташкил этиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2021 йил давомида таълим муассасалари, маҳалла фуқаролари йиғинлари, ташкилот ва муассасаларда 553 маротаба учрашув, давра суҳбатлари ўтказилди, шаҳарнинг 12 та жойида ҳайдовчилар ҳамда пиёдаларни огоҳликка ва ҳушёрликка чорловчи баннерлар ўрнатилди. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мавзусида 62 марта кўрсатув тайёрланиб маҳаллий телеканаллар орқали эфирга узатилди, 54 марта радио орқали эшиттириш амалга оширилди. Шунинг билан бирга, бир қатор умумтаълим мактабларида “Ҳаракат хавфсизлиги синф хоналари” ва “Йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари” ташкил этилган бўлиб, мактаб ўқувчилари билан амалдаги йўл ҳаракати қоидалари бўйича ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда.
Бироқ, соҳада ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам кўзда ташланмоқда. Хусусан, профилактик тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан, ўтган йилда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 88 тадан 105 тага ёки 19,3 фоизга ўсган. Йўл-транспорт ҳодисалари натижасида жароҳатланган фуқаролар сони 93 нафарни ташкил этган бўлиб, 12 та ҳолатда йўл-транспорт ҳодисалари инсон ўлими билан якунланган.
Йиғилиш кун тартибида кўрилган масала бўйича халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши доимий комиссияси қарори қабул қилинди. Қарорда шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига, Бухоро вилоят транспорт бўлимига шаҳарда йўл-транспорт ҳолатлари олдини олишга қаратилган тадбирларни кучайтириш, пиёдаларни ҳаракатланишига қулайлик яратиш, умумтаълим мактаблари олдидаги пиёдалар йўлакларида доимий асосда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларини фаолияти ташкил этиш каби бир қатор вазифалар юклатилди. Булардан кўзда тутилган мақсад, йўл-транспорт ҳодисаларини сонини кескин камайтириш, бундай бахтсиз ҳодисалар туфайли фуқароларнинг ҳаётига, мол-мулкига зарар етказилиши ҳолатларининг олдини олишдир.
Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.