Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳукумат ҳисоботини эшитди

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Фракция аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда Давлат дастуридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ этиш бўйича амалга оширилган ишлар, дастур ижроси самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар беришга алоҳида эътибор қаратди.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2019 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсган. Хусусан, саноат тармоқлари 6,9 фоиз, чакана савдо айланмаси – 6,4 фоиз ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 2,1 фоизга ортиши иқтисодий ўсишнинг асосий омили сифатида хизмат қилган. Мамлакатда яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,6 бараварга ва қурилиш ишлари ҳажми 20,0 фоизга ўсган.

Таъкидланганидек, Давлат бюджетининг харажатлари ва бюджет дефицитининг мўътадиллиги таъминланган. 2019 йилнинг январь-июнь ойларида Давлат бюджетининг харажатлари 55,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ортган. Давлат бюджети харажатлари таркибида энг юқори улуш (54,4 фоиз) ижтимоий харажатларга тўғри келди. Шунингдек, республикада 2019 йилнинг I ярим йиллигида 147,8 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, бу борада ўсиш суръати 6,9 фоизни ташкил қилди.

Фракция аъзолари Давлат дастурида амалга оширилиши белгиланган норматив ҳужжатларнинг қабул қилинишига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, ҳисобот даврида 139 та топшириқ белгиланган бўлиб, 106 банд ижроси тўлиқ бажарилган. Ўз вақтида охирига етказилмаган бандлар депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Мазкур бандларнинг ижросини самарали таъминлаш мақсадида депутатлар таклиф ва тавсиялар берди.

Депутатлар тадбиркорликни ривожлантириш, тегишли дастурларни амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат томонидан алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш, унинг назоратини қатъий амалга оширишни таклиф этди.

Давлат дастури ижросини самарали таъминлаш мақсадида бошқа таклифлар ҳам билдирилди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари билан бирга Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, партиянинг Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари ходимлари иштирок этишди.


ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш