Халқимиз манфаатини ҳимоя қиладиган, инсон қадрини улуғлайдиган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони ва мазкур ҳужжат билан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури” қабул қилинди. Мазкур Дастурни том маънода халқчил дастур десак муболаға бўлмайди.
100 та мақсадни ўзида мужассам этган Дастурнинг 69-мақсади “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” деб номланган бўлиб, унда 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ҳамда уни 2022–2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш;
Хотин-қизларнинг таълим олишига қўшимча шарт-шароитларни яратиш, илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрнини янада ошириш;
Хотин-қизлар ўртасида бизнес кўникмаларини шакллантириш бўйича бепул ўқув амалий курсларини ташкил этиш, имтиёзли кредитлар ва лизинг ажратиш, хотин-қизларни ишга жалб қилган ҳолда кооперация усулида тадбиркорликни йўлга қўйиш;
“Аёллар дафтари”га киритилган ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш лозим бўлган хотин-қизларнинг тиббий муолажа харажатларини қоплаб бериш;
“Аёллар дафтари” орқали хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тартиби ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом лойиҳаларини ишлаб чиқиш каби вазифалар ўрин олган.
Бундан ташқари, 60-мақсадда репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича, 85-мақсадда эса, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш, 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳудудларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳудудда “Хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари” ва кластерларни ташкил қилиш масалалари қамраб олинган. Шунинг билан бирга, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолиятини такомиллаштириш, минтақавий марказлар очиш чораларини кўриш, тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни реализация қилишга кўмаклашиш ҳамда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва бизнесга жалб қилиш каби долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Эътиборли жиҳати, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни бепул дорилар ва витаминлар билан таъминлаш, жисмоний тарбияни ривожлантириш, ёшлар таълими, уларни иш билан таъминлаш каби Дастурдан жой олган кўплаб масалаларни хотин-қизларимиз учун чинакам ғамхўрлик, деб баҳолаш мумкин.
Ҳар қандай қабул қилинган чора-тадбирларнинг аҳамияти ва натижаси сиз ва бизга боғлиқ. Шундай экан, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ҳар биримиз масъулиятни, шахсий жавобгарликни ҳис қилган ҳолда ёндашувимиз реал ва амалий натижа учун ҳаракат қилишимиз лозим, шундагина кўзланган мақсадга эришамиз, инсон қадри, қиммати ошади, халқимиз фаровон яшайди. Зеро, ҳар қандай қонун, қарор, фармон ижроси назорат қилинсагина у ишлайди, ҳалққа фойдаси тегади.
Давлат Дастуридаги кўпгина масалалар Ўзбекистон ХДП дастуридаги вазифалар билан ҳамоҳанглигини назарда тутган ҳолда партиямиздан сайланган барча даражадаги депутатлар, партия ташкилотлари ва сафимиздаги фаоллар унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш ҳамда ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши лозим.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари.