Ҳуқуқий давлат ижтимоий давлат бўлиши, ижтимоий давлат эса ҳуқуқий бўлиши лозим

 

Ҳуқуқий давлат ҳақида гап кетганда, шунинг баробарида ижтимоий давлат тўғрисида ҳам одатда фикр-мулоҳазалар юритилади. Умуман олганда, социал давлатчилик ғояси XIX аср охири ва XX аср бошларида вужудга келган. Бу тушунча либерал ҳуқуқий давлатда бўлмаган янги жиҳатларнинг мавжудлигини англатади.

Маълумки, «социал» (ижтимоий) – сўзи лотинчада умумий, ижтимоий, яъни жамиятдаги одамлар ҳаётига тегишли деган маънони англатади. Шу маънода барча давлатларни ижтимоий давлат дейиш мумкин, бироқ «ижтимоий давлат» деганда биз алоҳида сифат ва вазифаларга эга бўлган давлатни тушунамиз.

Ижтимоий давлат тушунчаси ҳуқуқий давлат ғоясидан кейинрок шаклланди. Ижтимоий давлат ғоясининг шаклланишига туртки бўлиб, ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги ўзгаришлар хизмат қилди. XIX асрнинг охирига келиб, жамиятнинг мулкий табақаланиш чуқурлашиб, ижтимоий портлаш хавфи, зиддиятлар таранглиги ҳолатини (аҳволини) келтириб чиқарди ва эркинлик принципи ўз аҳамиятини йўқота бошлади ва ижтимоий тенглик принципи аҳамият касб эта борди – давлатнинг ижтимоий иқтисодий соҳага аралашуви талаб этила бошланди. Худди мана шу аснода ижтимоий давлат ғояси шакллана борди, унинг алоҳида ўзига хос хусусиятлари ўзини намоён эта бошлади.

Ижтимоий давлат ғояси кейинчалик кўпчилик томонидан тан олина борди ва ҳозирги замон давлатлари конституцияларида ўзининг ифодасини топди. Илк марта 1949 йилда ГФР Конституциясида немис давлати ижтимоий деб аталди. Ҳозирда у ёки бу тарзда ижтимоийлик принципи кўп давлатлар Конституцияларида мустаҳкамланган. Бунга Франция, Греция, Италия, Нидерландия, Португалия, Дания, Турция, Швеция, Испания ва Япония каби давлатларни мисол сифатида келтириш мумкин. Ҳақиқий ижтимоий давлат демократия шароитида, фуқаролик жамиятидагина мавжуд бўла олади ва у албатта, ҳуқуқий бўлиши керак. Ҳозирги кунда ҳуқуқий давлат албатта ижтимоий давлат бўлиши, ижтимоий давлат эса ҳуқуқий бўлмаслиги мумкин эмас.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясида (26-модда) ҳар бир шахс ўзининг ва оиласининг фаровонлигини таъминловчи ҳаёт даражасига эга бўлишига ҳақли эканлиги мустаҳкамланган. Асосий қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида ҳам ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас, деган тамойил ҳам ижтимоий давлат ғоясига жуда мос келади.

Қайд этиш керак, мамлакатимизда давлат бюджетининг салкам 60 фоизи ижтимоий соҳага ажратилаётганлиги унинг ижтимоий моҳиятидан далолат беради. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағаликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йуналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини чуқур таҳлил қилинган ҳолда кейинги йилларда "Инсон қадри учун" тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди. Буни иқтисоднинг ижтимоий йўналтирилган структураси шаклланганлиги, давлатнинг ҳуқуқий ривожланганлиги, фуқаролик жамиятининг шаклланганлиги, давлатнинг очиқ, аниқ ижтимоий йўналтирилган сиёсати ҳамда давлатнинг умумфаровонликни таъминлашга интилиши, ижтимоий адолатни қарор топтириш каби мақсадлари қўйилгани каби омилларда кўриш мумкин. Бу чора-тадбирларнинг барчаси, халқимиз учун пировардида юртимизда ривожланган давлатлардан кам бўлмаган турмуш шароити яратилишига хизмат қилади.

 

Жаҳонгир Олимов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш